Ҳуқуқий маданият болаликдан шаклланади
"Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар".
Конституциямизнинг 15-моддасида белгиланган ушбу қоиданинг ҳаётий ифодасини юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ўз турмуш тарзи, иш фаолиятида кўриши мумкин. Оилавий ҳаётда бўладими, жамиятдаги муносабатлардами, ўқиш ва иш фаолиятидами – барчаси Конституция ва у асосида яратилган қонунлар билан тартибга солинади. Болаликдан ҳар бир инсон онгига сингдириладиган қоидалардаги “мумкин” ёки “мумкин эмас” деган сўзлар ҳам шу қонунлардан келиб чиқади. Айнан шу қоидаларни ўзлаштириш билан шахсда ҳуқуқий маданият шаклланади, қонунчилик ҳақида тушунча пайдо бўлади.
– Мамлакатимиз давлат таълим стандартларига мувофиқ, таълимнинг барча босқичларида ўқувчи ва талаба ёшларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўйича дарс машғулотлари ўқитилади, – дейди Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ижтимоий фанлар услубчиси Нурали Иброҳимов. – Бу, аввало, мактабгача таълим муассасасида бошланиб, тарбияланувчиларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида илк тушунчалар ўргатилади. Умумий ўрта таълим мактабларида эса Биринчи Президентимизнинг 2001 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши асосида 1-4-синфларда “Конституция алифбоси” курси ўқитилади. Шунингдек, атрофимиздаги олам, табиатшунослик, одобнома ҳамда тарбиявий соат машғулотларида Бош қомусимизда белгиланган қоидалар ҳақида маълумот берилади.
5-7-синфларда 17 соатлик “Конституция оламига саёҳат” курси давомида ўқувчиларга Конституция моддалари “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда бир қатор халқаро конвенциялар мазмун-моҳияти билан бирга тушунтирилади.
Ўқувчилар юқори синфларга ўтгач, уларга “Давлат ва ҳуқуқ асослари”, “Конституциявий ҳуқуқ асослари”, “Ҳуқуқшунослик” бўйича ҳар йили 34 соатдан дарс машғулотлари ўтилади.
Умумий ўрта таълим мактабларидаги бу дарслар 1-4-синфларда бошланғич синф ўқитувчилари томонидан, 5-10-синфларда давлат ва ҳуқуқ асослари, тарих, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари томонидан олиб борилади.
Юқори синфлар машғулотларида ўқитувчи мавзудан келиб чиқиб, дарсларни ёшлар ҳаёти, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида очиқ дарс тарзида, суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ҳуқуқшунослар билан учрашув шаклида, шунингдек, маъмурий органларга саёҳат, ўқувчилар ўртасида интеллектуал ўйинлар, кўрик-танловлар уюштириш орқали ҳам ташкил этиши мумкин.
Вилоятдаги мактабларда ана шу услублардан самарали фойдаланиб, ўқувчиларга Конституция ва қонунларни пухта ўргатаётган ўқитувчилар кўп. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 51-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Шаҳодат Самибоеванинг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш профилактикаси юзасидан тавсиялар” мавзусидаги иш тажрибаси шаҳар миқёсида оммалаштирилган.
Ўқувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлар ҳақидаги билимини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишда ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Конституция – бахтимиз пойдевори” кўрик-танлови ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Жорий ўқув йилида мазкур танлов Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлангани билан янада кенг кўлам касб этди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган Низом асосида танловнинг қуйи босқичлари октябрь-ноябрь ойларида барча умумтаълим мактабларида, туман ва шаҳарларда ўқувчиларнинг фаол иштирокида ўтказилди.
Яқинда Самарқанд шаҳрида ташкил этилган танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳарлардан келган 64 ўқувчининг Конституция ва қонунлар ҳақидаги ҳуқуқий билимига баҳо берилди.
Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси М.Абдиеванинг иншоси, Самарқанд туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Ш.Исрофилова ёзган баён, Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси Д.Санақулова, Самарқанд шаҳридаги 51-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси Д.Солиева чизган расм энг яхши деб топилди. Ғолиб ўқувчилар танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
Бу саъй-ҳаракатлар ўсиб келаётган ёш авлоднинг мамлакатимиз қонунчилиги ҳақидаги билими ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаган жамиятнинг фаол аъзолари сифатида тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА