Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Вазирлар Маҳкамаси ваколатларининг мустаҳкамланиши ва такомиллаштирилиши – ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг муҳим кафолати

Мамлакатимизда дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaрувини дeмoкрaтлaштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тизимида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳуқуқий мақоми ва фаолиятинини демократлаштириш, унинг масъулияти ва мустақиллигини кучайтириш марказий ўрин эгаллайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг конституциявий-ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида белгиланган муҳим конституциявий принцип – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

Мазкур принцип мустақил, самарали ва масъулиятли ижро этувчи ҳокимият фаолиятини назарда тутади. Шу нуқтаи назаридан ушбу принципни тўлақонли ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-боби бевосита Вазирлар Маҳкамасига бағишланди. Таъкидлаш лозимки, ушбу боб 25 йил мустақил тараққиёт йўлида изчил такомиллаштириб борилди. Хусусан, 1993-2017 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 9 маротаба (1993, 2003, 2007, 2008, 2011 йилда 2 маротаба, 2014, ва 2017 йилда 2 маротаба) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлса, улардан 4 таси айнан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга ҳам қаратилган эди. Хусусан, Конституциянинг Вазирлар Маҳкамаси фаолияти ва ҳуқуқий мақомига бағишланган 98-моддаси уч маротаба – 2003, 2011 ва 2014 йилларда янги таҳрирда баён этилганлиги ҳам конституциявий ислоҳотлар тизимида Вазирлар Маҳкамасининг нақадар кўп маротаба модернизация қилинганлигидан далолат беради.

Қисқача қилиб айтганда, Конституциянинг Вазирлар Маҳкамасига бағишланган 98-моддасининг 1992 йилги таҳрири 6 қисмдан иборат бўлиб, унда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлик қилиши руҳи сезилиб турарди. 2003 йилдаги янги таҳририда ушбу 6 қисм жиддий ўзгаришларсиз сақлаб қолинди, шу билан бирга янги 4 та қисм билан тўлдирилди (жами 9 та қисм, 1993 йилги таҳрирдаги айрим қисмлар бирлашган). 2003 йилда 98-моддада илк маротаба Бош вазирнинг роли мустаҳкамланиб, у конституциявий-ҳуқуқий мақомга эга бўлди. 98-модданинг 2003 йилги янги таҳрири Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқий мақомини (ижро ҳокимиятини амалга ошириши, таркибига кимлар кириши белгиланди), Бош вазирнинг ҳуқуқий мақомини (Бош вазир номзоди Президент тақдимига биноан Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши) ва ваколатларини (Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Президентига тасдиқлаш учун тақдим этиш; Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этиши ва унга раҳбарлик қилиши, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлиши, Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларига раислик қилиши, унинг қарорларини имзолаши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўриши) белгилаб берди, шунингдек, энг муҳими Бош вазир ва Президент ўртасида ижро ҳокимиятини амалга оширишдаги ваколатлар тақсимотини (Президент Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилишга, Вазирлар Маҳкамаси ваколатига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишга, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларини, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири фармойишларини бекор қилишга ҳақли эканлиги) мустаҳамлади.

Конституция 98-моддасининг 2011 йилдаги янги таҳрири эса, 15 қисмдан (7 та янги қисмлар киритилди) иборат бўлиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳуқуқий ҳолатини сезиларли даражада ўзгартирди. 98-модданинг 2011 йилдаги янги таҳрирининг энг муҳим ва асосий, давлат бошқарувини демократлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилган қуйидаги иккита янгилигини қайд этиш лозим: биринчидан, илгари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан кўриб чиқилар ва тасдиқланар эди. 2011 йилда эса, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўрсатиш тартиби бутунлай демократик мазмун касб этди, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этиладиган бўлди. Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ваколати ҳамда уни амалга ошириш тартиб-таомиллари конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.

Ниҳоят Конституциямизнинг 98-моддаси 2014 йилда ҳам янги таҳрирда баён этилди. Эндиликда 98-модда 9 қисмдан иборат бўлган мақбул кўринишга келди. 98-модданинг 2014 йилдаги янги таҳрири 6 та янги қоидани белгилаб берди.

Биринчи. Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари тизимлаштирилди ва аниқлаштирилди, унинг 6 та ваколати бандларда аниқ-равшан этиб ифодаланди. Муқаддам 98-модданинг 2011 йилги таҳририда унинг атиги 2 та ваколати аниқ кўрсатилган бўлса, эндиликда уларнинг сони 6 тага етди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси илгари фақатгина иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарлик қилиши белгиланган бўлса эндиликда ушбу соҳалар молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун жавобгар бўлиши билан тўлдирилди. Шунингдек, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштириш ва йўналтириш, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни таъминлаш; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этиш каби янги ваколат ва вазифалар белгиланди.

Иккинчи. Вазирлар Маҳкамаси илгари “амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ” қарор ва фармойишлар чиқарган бўлса, эндиликда ушбу ваколат “конституциявий нормалар доирасида ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ” амалга оширилиши белгиланди.

Учинчи. Вазирлар Маҳкамаси илгари ўз фаолиятида “Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси” олдида жавобгар бўлган бўлса, эндиликда устуворлик ўзгариб, жавобгарлик дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва ундан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида этиб белгиланди.

Тўртинчи. Илгари амалдаги Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилгач, Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар ҳукумат қандай фаолият юритиши масаласи очиқ қолган эди. Эндиликда ушбу муаммо ҳал этилди – амалдаги Вазирлар Маҳкамаси унинг янги таркиби шакллантирилгунига қадар мамлакат Президентининг қарорига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб туриши белгиланди.

Бешинчи. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири вазифалари тизимлаштирилиб, унинг 4 та асосий вазифаси белгилаб берилди. Илгари Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўрган бўлса, эндиликда ушбу ваколатни амалга ошириш учун “Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғи” шарт бўлмайди, яъни Бош вазирнинг мустақиллиги мустаҳкамланиб, у ушбу ваколатни мустақил амалга ошириши кўзда тутилди.

Олтинчи. Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этиши тартиби жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддаси, унда белгиланган ижро ҳокимиятини ташкил этишнинг демократик принцип ва қоидалари амалдаги қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган ва сезиларли даражада бойитилган. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуни 2003 йил 29 августда янги таҳрирда қабул қилинган бўлса, 2003 йилдан 2017 йилга қадар ушбу Қонунга жами 9 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (2007, 2008, 2009, 2011, 2014 ва 2015 йилларда – 2 мартадан ҳамда 2016 йил). Буларнинг барчаси ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолияти мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган қоида ва принциплар асосида изчил такомиллашиб келаётганлигидан далолат бермоқда.

Қолаверса, Конституциянинг 98-моддасида белгиланган Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари тармоқ қонун ҳужжатларида ривожлантирилган. Хусусан, амалдаги қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ижтимоий-иқтисодий соҳада жуда кенг доирадаги ваколатлар берилган. Хусусан, Қонун ҳужжатлари таҳлили уларнинг деярли барчасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли соҳадаги ваколатларига алоҳида модда бағишланганлигини кўрсатмоқда. Масалан, 2016 йил 4 январда янги таҳрирда қабул қилинган “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунда Вазирлар Маҳкамасининг 4 та ваколати (5-модда), 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунда 7 та ваколати (7-модда), 2016 йил 19 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунда 4 та ваколати (9-модда), 2016 йил 21 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунда 4 та ваколати (9-модда), 2016 йил 22 сентябрда янги таҳрирда қабул қилинган “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунда 8 та ваколати (7-модда) белгилаб қўйилган.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳокимиятлар бўлиниши принципига асосланган ҳолда ижро этувчи ҳокимиятни амалга ошириб, мамлакатимизда иқтисодий ва ижтимоий соҳада самарадорликни таъминлаш бўйича ҳуқуқий мақомини белгилаб берди ҳамда мамлакатимизда ижро ҳокимияти тизимини изчил ислоҳ этиш ва янада демократлаштириш ва модернизация этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти бўлим бошлиғи,
ю.ф.н., доцент, Дж.Сафаров

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.