Давлат дастурида инсон қадри ва қонун устуворлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган
Маълумки, сўнгги йилларда давлат бошқарувида марказлашган тизимдан халққа яқин, очиқ ва ҳисобдор бошқарув моделига ўтиш, хусусан, “давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойилни ҳаётга изчил татбиқ этиш устувор вазифага айланди. Бу жараёнда ислоҳотлар фақат иқтисодий соҳада эмас, балки жамиятнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий асосларини ҳам тубдан янгилашга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.
Айниқса, “инсон қадри учун” деган ғоя давлат сиёсатининг бош мезони сифатида қарор топди. Энди ҳар бир қонун, ҳар бир қарор ва ҳар бир дастур аввало инсон манфаатига хизмат қилиши, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши, муносиб ҳаёт шароитини яратиши лозим. Бу эса ислоҳотларнинг мазмуни ва мақсадини аниқ белгилаб бермоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, 2026 йил 16 февраль куни Президентимиз томонидан имзоланган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури тўғрисида”ги фармон мамлакат тараққиётига хизмат қилувчи асосий ҳужжатлардан бири бўлди.
Сабаби, мазкур ҳужжат шунчаки навбатдаги йиллик дастур эмас, балки узоқ муддатли стратегик мақсадларнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Унда жамиятнинг энг қуйи бўғинидан тортиб, марказий давлат бошқаруви тизимигача бўлган барча бўғинида туб сифат ўзгаришларини амалга ошириш назарда тутилган. Бу эса давлат ва жамият муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда адолатли жамият қуриш йўлидаги изчил ҳаракатларга замин яратиб беради.
Айниқса, Давлат дастурида суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, маҳалла институтини мустаҳкамлаш каби йўналишлар устувор вазифа сифатида белгилангани эътиборга молик.
Жумладан, фармоннинг марказида маҳалла институти турибди. Чунки маҳалла бу – фақат маъмурий тузилма эмас, балки жамиятнинг энг қуйи ва энг таъсирчан бўғинидир. Янги Давлат дастурида маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини ошириш, уларга қўшимча ваколатлар бериш, аҳолининг муаммоларини жойида ҳал этиш механизмларини кучайтириш назарда тутилган. Бу эса давлат бошқарувини марказдан ҳудудларга, ҳудудлардан эса маҳаллаларга яқинлаштириш деганидир.
Маҳаллаларда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, ишсизликни камайтириш, камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида янги дастурлар амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу жамиятда ижтимоий адолат ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Қолаверса, Давлат дастурида суд-ҳуқуқ соҳасини янада либераллаштиришга ҳам алоҳида урғу берилган. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда судларнинг мустақиллигини таъминлаш, адвокатура институтини кучайтириш, тергов жараёнларида қонунийликни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлат дастурида ушбу жараёнларни янада чуқурлаштиришга қаратилган вазифалар белгиланган.
Жумладан, асосий вазифалардан бири одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини оширишдир. Бунинг учун суд ишларини рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, суд қарорларининг ижросини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг масъулиятини ошириш каби чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Шунингдек, Ҳуқуқ устуворлиги индексида мамлакатимизнинг ўрнини яхшилаш ва ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини такомиллаштириш, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотини жалб қилган ҳолда бошқарув самарадорлиги ҳамда одил судлов тизимини комплек ривожлантириш ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш каби устувор вазифалар назарда тутилган.
Дарҳақиқат, қонун устуворлиги принципини ҳаётга тўлиқ жорий этиш, давлат органлари фаолиятида “инсон қадри учун” тамойилини таъминлаш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Аҳоли учун энг муҳим янгиликлардан яна бири бу – суд ишларини юритишда ҳимоя институтининг такомиллаштирилишидир. Хусусан, жиноят ишини судга юборишда айблов ҳулосаси билан бирга “ҳимоя фикри”ни тақдим этиш тизими жорий этилмоқда. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятларини кенгайтиради ва давлат идораларига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, низоларни судга қадар муқобил ҳал этиш институтлари фаолиятини такомиллаштириш, медиаторларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи – Ўзбекистон медиаторлар палатасини ташкил этишга қартилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш назарда тутилган. Ушбу амалиёт орқали судларга кўриб чиқилаётган ишлар доирасидан келиб чиқиб томонларни медиатор билан мажбурий ахборот учрашувига юбориш ва низоларни муқобил ҳал этиш тизими ишга туширилади.
Жамият юксалиши, аввало, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятига боғлиқ. Шу боис, Давлат дастурида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, ёшларда қонунга ҳурмат руҳини шакллантириш, таълим муассасаларида ҳуқуқий билимларни ошириш каби вазифалар белгиланган.
Умуман олганда, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йили Давлат дастури мамлакат тараққиётининг янги босқичини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат саналади. Унда белгиланган вазифалар шунчаки соҳавий ўзгаришлар эмас, балки давлат ва жамият муносабатларини сифат жиҳатидан янги поғонага олиб чиқишга қаратилган комплекс ислоҳотлар дастуридир.
Давлат дастуридаги суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш, ҳимоя институтини кучайтириш, низоларни муқобил ҳал этиш механизмларини жорий қилиш каби чора-тадбирлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Бу эса жамиятда адолат муҳитини шакллантириш, давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Маҳалла институтига қўшимча ваколат ва имкониятлар бериш орқали давлат бошқарувини халққа яқинлаштириш, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш, аҳолининг фаоллигини ошириш каби вазифалар эса демократик ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Зеро, кучли жамият – бу фаол фуқаролар, адолатли суд ва ҳисобдор давлат бошқаруви уйғунлигидир.
Энг муҳими, мазкур Давлат дастури қисқа муддатли натижалар билан чекланмайди. У 2030 йилга қадар мўлжалланган стратегик мақсадларга эришиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал пойдевор яратади. Демак, бу ислоҳотлар мамлакатимизнинг ҳуқуқий, демократик ва адолатли давлат сифатида ривожланишини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
Нилуфархон САИД-ГАЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
Девон раҳбари, ю.ф.д.
ЎзА