Инсон манфаатлари конституцияси

Маълумки, бундан 25 йил аввал қабул қилинган Асосий қонунимиз инсон манфаатларини давлат манфаатларидан устувор этиб белгилади.

Буни биз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасиданоқ “Ўзбекистон халқи инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб” деган сўзлардан бошланишидан кўришимиз мумкин. Айниқса Асосий қомусимизнинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” деб мустаҳкамланиши давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мақсади ва йўналишларини яққол ифода этди.

Асосий қомусимиз 128 моддадан иборат бўлгани ҳолда унинг 30 дан ортиқ моддалари бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишлангандир. Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли барча принципиал қоидаларини ўзида мужассамлантирган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор мажбуриятлар олган бўлиб, уларга хусусан давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканликлари, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Давлат инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлигидан келиб чиқиб, ўтган йиллар мобайнида инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, шахсий ҳуқуқларни таъминлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги каби қонунларни қабул қилди.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишдек сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида эса “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

“Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида” “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги каби қонунлар эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш, давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги Қонун эса ҳар бир шахснинг бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилишдек конституциявий ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилиб, айниқса мурожаатни бериш шакли сифатида электрон мурожаатни назарда тутганлиги фуқаролар оғирини енгил қилишга жиддий хисса қўшди.

Айниқса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони таркибий тузилмасида Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати тузилганлиги бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга чиқарди.

Мустақиллик йилларида қабул қилинган қонунларнинг аксарияти инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш ва муҳофаза қилишга бағишланган. Тараққиётимиз йўлида мустаҳкам пойдевор бўлган, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг салмоқли фоизини ишлаб чиқараётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳозирги вақтда иш билан банд аҳолимизнинг аксарияти меҳнат қилаётганлигини эътиборга оладиган бўлсак, бу қарорнинг нақадар тўғри ва табиий эканлигини тушуниб етишимиз мумкин. Айниқса ҳар бир шахснинг мулкдор бўлишга оид конституциявий ҳуқуқи жудаям мустаҳкам муҳофаза қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”, “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”, “Банк сири тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги каби қонунларда батафсил тартибга солинган.

Қайд этиш жоизки, агар биз соҳа ривожи учун мустаҳкам конунчилик ва ҳуқуқий базани шакллантирмаганимизда ва мунтазам такомиллаштириб бормаганимизда, хусусий мулкка давлат сиёсати даражасида эътибор қаратмаганимизда вазият нечоғлик ачинарли бўлиши ҳеч кимга сир эмас, албатта.

Асосий қомусимиз инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларига ҳам катта эътибор қаратган бўлиб, айниқса меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, ижтимоий таъминот олиш каби ҳуқуқларни алоҳида конституциявий даражада эътироф этган. Ушбу ҳуқуқларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”, “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида” каби қонунлар қабул қилинган. Мамлакатимизда 2010 йилдан “Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастур”ларини парламент томонидан тасдиқлаш ва уни ижросини назорат қилиш, бу бўйича ҳар йили масъул вазирни ахборотларини эшитиш амалиёти шаклланди.

Конституциямизда инсон саломатлиги каби бебаҳо неъматга махсус тўхталиниб, ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи қайд этилган. Ушбу конституциявий нормани амалда тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”, “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида” каби қонунлар қабул қилинди.

Маълумки, ҳар қандай жамият ва давлат тараққиётининг энг муҳим шартларидан бири – бу таълим сифати ҳисобланади. Шу боис ҳам Асосий қонунимизда ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши белгилаб қўйилди. Шу мақсадда Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, 2004 йилда тасдиқланган Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури қабул қилинди.

Конституция нафақат ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлади, балки уларни амалга оширишнинг реал имкониятларини таъминлаш чора-тадбирларини, кафолатларини ҳам яратди. Хусусан, ҳокимиятлар бўлиниши, Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кабилар кафолатланди. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз деб эълон қилиниб, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, деб белгилаб қўйилди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли равишда таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик, Фуқаролик-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”, “Судлар тўғрисида”, “Адвокатура тўғрисида”, “Прокуратура тўғрисида”, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги каби қонунлар қабул қилинди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат органлари фаолиятининг асосий вазифалари сифатида қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили ҳисобланади, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш Вазирлар Маҳкамаси конституциявий ваколатларидан бирини ташкил этади. «Судлар тўғрисида»ги Қонунга кўра эса суд фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган норма ва принциплар демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Нафақат қабул қилинган, балки ҳозирги кунда тайёрланаётган, қабул қилиниши кутилаётган «Жамоатчилик назорати тўғрисида», «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида», “Давлат бошқаруви асослари тўғрисида”, “Яраштирув жараёнлари (медиация) тўғрисида”, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”, “Меҳнат миграцияси тўғрисида”, “Аҳоли бандлигига кўмаклашиш нодавлат ташкилотлари (рекрутинг агентликлари) тўғрисида” ги қонунлар ҳам Конституциямиз кўзда тутган – инсон манфаатларига йўналтирилгандир.

Фикримизча, эришилгaн бундaй мaррaлaр биз ўз oлдимизгa қўйгaн юксaк мaқсaдгa қaрaтилгaн узoқ вa мурaккaб йўлнинг бир қисми, Конституциямизда назарда тутилган ғоялар эса демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш сари тўхтовсиз ҳаракат қилишни, бунинг учун эса Асосий қомусимизда белгиланган барча эзгу ғояларни тўлақонли рўёбга чиқариш учун уни янада синчковлик билан ўрганишимиз, инсон манфаатларини таъминлаш нуқтаи назаридан қонунчилигимизни муттасил такомиллаштириб боришимиз, ҳар биримиз ўз ҳаракатларимизни қанчалик Конституция доирасида амалга ошираётганлигимизни мунтазам идрок этиб боришимиз даркор.

Миравзал Миракулов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар

Қизиқарли маълумотлар
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади.