Конституциявий комиссияга 35 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган

Бугун юртимизда муҳим жараён – конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Фуқароларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, Бош қомусимизни такомиллаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Бугун Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Конституциявий комиссия аъзолари, экспертлар, депутатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни олиш, уларни кўриб чиқиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилди ҳамда берилган таклифлар атрофлича муҳокама этилди.

Йиғилишни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар халқимизнинг хоҳиш-истаги, эзгу мақсадлари ифодаси, мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлигини таъкидлади. Шу сабабли бу жараён халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланаётганини, Конституциявий комиссияга фуқаролардан кўплаб таклиф ва тавсиялар келиб тушаётганини қайд этди.

Комиссия йиғилишида таклифлар муҳокама қилинар экан, фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, сиёсий партиялар, маҳаллалар ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг фаоллиги яққол сезилаётгани эътироф этилди.

Фуқаролик жамияти институтлари бир томондан Конституцияни бойитиш мақсадида асослантирилган жамоавий таклифларни беришда жонбозлик кўрсатаётган бўлса, иккинчи томондан, халқимиз орасида конституциявий ислоҳотларнинг тарғиботида фаол иштирок этмоқда.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Камалак” болалар ташкилоти фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, Фанлар Академияси таркибидаги тадқиқот институтлари, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратура академияси, Судьялар олий мактаби сингари институтлар Конституциявий комиссияга жамоавий таклифлар юборишда етакчи ўринларда турибди.

Йиғилишда Конституциявий комиссиянинг Таклифлар билан ишлаш гуруҳига келиб тушган ва сараланган ҳамда Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилган навбатдаги таклифлар атрофлича муҳокама қилинди. Сўз олган комиссия аъзолари ҳамда экспертлар ҳар бир таклиф, Конституциямизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини, муносабатини билдирди.

Комиссия аъзоси, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов Конституциямизда такомиллаштирилаётган экологик ҳуқуқларга тўхталди.

– Бугунги кунда экологик муаммолар энг долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистоннинг экологик ташаббуслари, хусусан, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг қатор сессияларида илгари сурган экологияга оид таклиф ва ташаббусларига дунё миқёсида эътибор қаратилмоқда. Бугун Ўзбекистон аниқ амалий ишлари билан дунё мамлакатларига намуна бўлмоқда. Масалан, сўнгги 4 йилда Оролбўйи ҳудудида 1 миллион 734 минг гектар ерга саксовул уруғлари сепилди. Бу бутун Марказий Осиё экологиясига ўз ижобий таъсирини кўрсатади, албатта. Конституциямизнинг 9-бобида экологик ҳуқуқларга ўрин берилаётгани айни муддао ва тўғри иш бўлди. Шунингдек, 54-моддада мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги шартлиги белгиланган. Ушбу нормани “атроф-муҳитга зарар етказмаслик” деб ўзгартириш ўринли бўлади, – деди Б.Алихонов.

Шунингдек, йиғилишда келиб тушаётган таклифлар бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан 24 соат давомида таклифлар қабул қилинмоқда. Ўтган ҳафта давомида фуқаролардан келаётган таклифлар сони ва сифати кескин ортган. Бу эса халқимизнинг бу жараёндаги фаоллигидан дарак беради.

Жорий йилнинг 17 июнь ҳолатига кўра, Таклифлар билан ишлаш гуруҳига жами 35 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Уларнинг аксарият қисми электрон шаклда юборилган бўлса, қолганлари маҳаллалар ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига оғзаки ёки ёзма шаклда, почта алоқаси ҳамда босма матбуот, телевидение, радио орқали юборилган.

Бу таклифларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш принцип ва нормаларига асосланишини ташқи сиёсат принципларига қўшиш, ҳеч ким ўзининг фуқаровий, ҳуқуқий шартномавий мажбуриятларини бажара олмаслиги сабабли озодликдан маҳрум этилмаслиги, ҳеч бир инсон қийноқларга ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомалага ёки жазога тортилмаслиги, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлигини конституциявий мустаҳкамлашга доир масалалар илгари сурилган.

Шунингдек, ҳар бир шахс Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ, ўз ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар томонидан ҳимоя қилиниши учун мурожаат қилишга ҳақлилиги, қонунда белгиланган тартибда фаолият юритаётган барча диний ташкилотларнинг фаолият эркинлиги кафолатланишини назарда тутувчи таклифлар келиб тушган. Фуқаролардан келиб тушаётган таклифларнинг салмоқли қисмини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир таклифлар ташкил этаётир.

Шунингдек, йиғилишда Конституциявий ислоҳотларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш бўйича ишлаб чиқилган Медиа-режанинг ижроси юзасидан ахборот берилди.

– Фуқароларга конституциявий ислоҳотлар ҳақида тезкор, холис ва тўлақонли ахборот етказиш мақсадида радио, газета ва журналлар ҳамда интернет нашрлари билан самарали ҳамкорлик қилиб келинмоқда, – деди Комиссия матбуот хизмати раҳбари Одил Тожиев. – Жумладан, давлат ва нодавлат телеканалларда шу кунга қадар 1445 та лавҳа, махсус кўрсатувлар тасвирга олиниб, эфирга узатилди. Давлат ва нодавлат радиоканалларда жами 656 та махсус эшиттириш эфирга узатилди. Босма нашрларда 150 дан ортиқ мақолалар, Интернет нашрларда 6 минг 34 та материаллар эълон қилинди. Махсус платформада 50дан ортиқ репортаж ва видеороликлар эълон қилинди. 3 марта давлат тили ва рус тилида мамлакатимизнинг 30 миллион мобиль алоқа абонентларига СМСлар, ҳар ҳафтада бир маротаба жами 180 миллион СМС йўлланди. Бу йўналишдаги ишлар, ўз навбатида, оддий фуқарога конституциявий ислоҳотларни содда ва тушунарли тилда етказишда муҳим омил бўляпти.

Йиғилиш кун тартибидаги масалалар қизғин муҳокама қилиниб, якунда комиссиянинг қарори қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.