Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – муваффақиятли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқаро демократик принципларга мослиги, барча соҳа ўз ифодасини топгани билан мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминламоқда. Буни хорижликлар ҳам алоҳида эътироф этмоқда.

Жонг Вей Цианг, “Sinotrans Landbridge Transportation” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси менежери (Хитой):

– Компаниямиз Хитой тўқимачилик корхоналарига пахта толаси етказиб бериш билан шуғулланади. Бу борада Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилиб келамиз. Шу мақсадда Тошкентда ўз ваколатхонамизни очганмиз. Ўзбекистонда барча соҳалар қатори пахтачилик ва тўқимачилик саноати ҳам изчил ривожланаётгани, соҳага энг замонавий технологиялар жорий этилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳар соҳада юксак суръатларда ривожланиб бораётгани бизни қувонтиради.

Инсон қайси мамлакатда бўлса, ўша давлатнинг қонун-қоидаларини билиши ва уларга риоя этиши лозим. Мен ҳам Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, фаолиятимиз соҳасига оид ҳуқуқий ҳужжатларни яхши ўргандим. Ўзбекистон Бош қомусида чет эл фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланиши белгиланган. Бу мамлакатингизда инсон манфаатлари улуғлангани, халқаро алоқаларга кенг йўл очилганидан далолатдир.

Ким Юн Сук, “Шиндонг Энерком” компанияси президенти, “Корея Республикаси – Ўзбекистон” дўстлик ассоциацияси раиси (Жанубий Корея):

– Ўзбекистонда бизнесимизни 1991 йилда йўлга қўйганмиз. Мамлакатингиздаги иқтисодий ривожланиш босқичларига бевосита гувоҳмиз. Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида эркин бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш борасида ғоят оқилона сиёсат юритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида мамлакатингизда тинчлик-тотувлик, тенг ҳуқуқлилик таъминланмоқда. Ҳамма эркин касб танлаб, ўз режа ва мақсадларини амалга оширишга муваффақ бўлмоқда. Бунинг самарасида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланмоқда.

Конституцияда кафолатланган мулкдорлик ҳуқуқи, қонун билан мустаҳкамланган имтиёз ва преференциялар хорижий инвесторларнинг мамлакатингиз иқтисодиётига қизиқишини оширмоқда. Мамлакатингизда амалга оширилаётган хусусийлаштириш ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялаш жараёнлари натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти янада жадал тараққий этишига ишонамиз.

Витэлия Коппола, адвокат (Италия):

– Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, деб белгиланган. Мамлакатингизда хотин-қизларга катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилишидан далолат берувчи ушбу модда уларнинг жамиятдаги нуфузини оширишда, ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги фаолиятини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Натижада тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар сафи муттасил кенгайиб, улар мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ўзбекистон хотин-қизлари сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Мамлакатингизда сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини хотин-қизлар ташкил этиши лозимлиги тўғрисидаги қонунчилик нормаси ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Бу жиҳатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида узоқни кўзлаб белгиланган меъёр ва қоидалар самарасидир.

Муҳаммад Ал-Мандил, “ManCapita” компанияси раҳбари (Баҳрайн):

– Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида иқтисодий фаолият, тадбиркорлик, мулкдорлик ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятлидир. Унда ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли экани, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга экани белгилангани мамлакатингизда мулкчилик қонун билан ҳимоя қилинишининг ҳамда бу ерда фаол бизнес юритиш учун эркин йўл очиб берилганининг яна бир ёрқин исботидир. Ишбилармонлик соҳасида қатор қонунлар қабул қилиш орқали мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган ва улар ҳаётда ўз амалий ифодасини топмоқда. Бу Ўзбекистон иқтисодиётининг чет эллик сармоядорлар учун жозибадорлигини тобора оширмоқда.

Компаниямиз инвестиция соҳасида иш юритади. Қатор мамлакатларда, жумладан, Тошкентда ҳам ўз ваколатхонамизга эгамиз. Ўзбекистон билан муқобил энергетика, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳамда саноат соҳасида яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Келгусида Ўзбекистонда бошқа истиқболли соҳаларга ҳам сармоя киритишни мақсад қилганмиз. Зотан, бу заминда бизнес учун барча қулай шароит, тинчлик ва барқарорлик мавжуд.


Манба: ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади.