Давлат Рамзлари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ГЕРБИ

Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги 616-XII-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ БАЙРОҒИ

Давлат байроғи Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрдаги 407-XII-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ МАДҲИЯСИ

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрдаги 768-ХII-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.

Мутал Бурҳонов мусиқаси
Абдулла Орипов сўзи

...

Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

Нақорат:

Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали тинчлик посбони,
Хақсевар, она юрт, мангу бўл обод!

Нақорат:

Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!

...

Ўзбекистон республикасининг давлат мадҳиясини юклаб олиш

Қизиқарли маълумотлар
Гарчи Япония Конституциясининг 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий вос кечган бўлсада, бугунги кунда Япония ҳарбий ҳаражатлари бўйича дунёда 5-ўринда туради ($ 58, 97 млрд).