Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизми

Тошкентда “Ҳокимият тармоқлари бўлиниши принципини амалга ошириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Конституциявий суднинг роли: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Олий суд ҳузуридаги суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, Жанубий Корея, Малайзия, Венгрия, Бельгия, Индонезия, Россия, Таиланд, Покистон, Арманистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия каби давлатларнинг Конституциявий судлари ва конституциявий назоратни амалга оширувчи идораларининг раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Б.Мирбобоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш асосий мақсад этиб белгилангани ва ўтган давр мобайнида бу ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини алоҳида таъкидлади.

Бу жараёнда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамияти асослари мустаҳкамланди. Бунда мамлакатимиз иқтисодиётини мафкурадан холи этиш ва унинг сиёсатдан устунлигини таъминлаш, давлат бош ислоҳотчи вазифасини бажариши, қонун устуворлигига эришиш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ислоҳотларни босқичма-босқич ва тадрижий амалга оширишга қаратилган, жаҳонда тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган ривожланиш тамойиллари муҳим дастуриламал бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳуқуқий давлатнинг муҳим принципи – ҳокимиятлар бўлиниши мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Асосий қонунимизнинг 11-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қайд этилганидек, ўтгaн дaвр мoбaйнидa мaмлaкaтимиздa дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaрувини дeмoкрaтлaштириш сoҳaсидa aмaлгa oширилгaн ислоҳoтлaр муҳим мaқсaдгa, яъни, ҳoкимиятлaр бўлиниши кoнституциявий принципини ҳaётгa изчил тaтбиқ этиш, ҳoкимиятлaр ўртaсидa ўзaрo тийиб туриш вa мaнфaaтлaр мувoзaнaтининг сaмaрaли тизимини шaкллaнтириш, мaркaздa вa жoйлaрдa қoнун чиқaрувчи вa вaкиллик ҳoкимиятининг вaкoлaтлaри ҳaмдa нaзoрaт вaзифaлaрининг рoлини кучaйтириш, суд тизимини либeрaллaштириш вa унинг мустaқиллигини тaъминлaш бўйичa ғoят дoлзaрб чoрa-тaдбирлaрни кўришгa қaрaтилгaн.

Ушбу принцип ҳаётга жорий этилиши туфайли мамлакатимизда халқчил ва демократик давлат ҳокимияти тизими шаклланди. Суд ҳокимияти, жумладан, унинг марказий бўғини – Конституциявий суд давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида қарор топди. Конституциявий суд айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Асосий қонунимизга мослигини аниқлаш, Конституция ва қонунларнинг нормаларига шарҳ бериш, қонунчилик ташаббусини амалга ошириш ваколатлари воситасида ҳокимият тармоқлари бўлиниши принципини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида изчил фаолият юритаётир.

Конференцияда Ўзбекистонда ҳокимиятлар бўлиниши конституциявий принципини изчил ва тизимли равишда амалга оширишда ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг таъминланаётгани давлат ва жамият олдида турган вазифаларни ҳал этишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида қайд этилди.

Маҳаллий ва хорижий экспертларнинг фикрича, конституциявий одил судлов – демократик давлатчиликнинг муҳим белгисидир. Конституциявий одил судлов конституциявий назоратнинг олий шакли бўлиб, замонавий демократик давлатчиликнинг алоҳида талаби, зарур институти ҳисобланади. Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда қонунийлик муҳитини яратиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашнинг ишончли гаровидир.

Жанубий Корея Конституциявий суди судьяси Чанг Жонг Кимнинг фикрича, конституциявий назорат органларининг ваколатларини кенгайтириш, институционал ва вазифаларга доир мустақиллигини мустаҳкамлашга кўплаб давлатларда эътибор қаратилмоқда. Ушбу идораларнинг қарорларини ижро этиш бўйича аниқ механизмларни жорий этиш воситасида конституциявий назорат идораларининг ҳокимиятлар бўлиниши принципини амалга оширишдаги ролини кучайтириш тенденцияси кузатилмоқда.

– Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими ҳар томонлама пухта ўйланган ва халқаро стандартларнинг энг илғор тажрибаларини ўзида мужассам этган тизимли институт сифатида шаклланган, – дейди Россия Федерацияси Конституциявий суди судьяси Михаил Клеандров. – Умумий юрисдикция судларининг ихтисослашгани, ҳакамлик судлари тармоғи шакллангани ишларни сифатли ва самарали кўриб чиқишга хизмат қилмоқда. Конституциявий суд қонун ҳужжатларининг Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўриш орқали ҳар бир ҳокимият тармоғининг ўз ваколати доирасида иш юритаётгани, уларнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилинганига баҳо беради. Буларнинг барчаси ҳуқуқий давлатнинг муҳим шарти ҳисобланган қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Малайзия Апелляция суди раиси Тан Сри Раус Шарифнинг таъкидлашича, конституциявий назоратнинг самарадорлигини таъминлашда конституциявий назорат объектларини ва уларни кўриб чиқиш чегараларини аниқ белгилаш муҳим аҳамият касб этади. Бунда меъёрларнинг суд назорати ҳар томонлама қамраб олинишини таъминлаш долзарб ҳисобланади. Конституцияга мувофиқ бўлмаган бирон-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат суд назоратидан четда қолиб кетмаслиги, суд органларининг назорат ваколатлари такрорланмаслиги лозим.

– Ўзбекистон бағрикенг диёр сифатида жаҳонга танилган, – дейди Покистон Олий суди судьяси Қози Фаёз Исо. – Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар пировардида бу мамлакатнинг гуллаб-яшнашига йўл очаётганига гувоҳ бўлдик. Дарҳақиқат, қаерда ҳокимият тармоқлари зиммасига қўйилган вазифалар тўлақонли адо этилса, ўша ерда ривожланиш, тараққиёт бўлади. Бунда судьялар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юкланади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий тизимни модернизация этиш жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди алоҳида ўрин тутмоқда. Ҳуқуқий тизимни, демократик қадриятларни муҳофаза қилишда, уларни халқимиз турмуш тарзига сингдиришда эътиборга молик ишлар амалга оширилаётир. Келгусида Конституциявий суд фаолиятининг янада такомиллаштирилиши судлов жараёнларининг модернизация қилиниши ва демократлашувига, конституциявий одил судловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ва ўз вақтида ҳимояланишини мустаҳкамлашга қаратилиши лозим.

– Ўзбекистонда ҳокимиятнинг ҳар учала тармоғи ўзига хос мукаммал шакллантирилган, – дейди Таиланд Конституциявий суди судьяси Твекиат Менаканист. – Улар ўз вазифаларини қонунда белгиланган асосда ҳамда фуқаролар манфаати йўлида ўзаро ҳамкорликда олиб бораётгани мамлакатда барқарорлик, фаровонлик қарор топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Конференцияда Конституциявий суднинг ҳокимиятлар бўлиниши принципини татбиқ этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамияти, конституциявий одил судловнинг долзарб масалалари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш каби масалалар муҳокама қилинди. Халқаро анжуман якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.


Манба: ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.