Танлов ғолиблари аниқланди

Пойтахтимизда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши ва партиянинг “Ёшлар қаноти” томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишлаб эълон қилинган республика мақолалар танлови ғолиблари тақдирланди.

Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси С.Отамуродов ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишида уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимлари ва ижтимоий фаоллигини ошириш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

Конституцияни кенг тарғиб қилиш, унинг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшларга тушунтириш мақсадида эълон қилинган «Конституция – ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг кафолатидир» мавзусидаги мақолалар танловида икки юзга яқин ёш иштирок этди.

– Ҳар бир фуқаро қонунларни билиши, қонунларда ифодаланган қоидаларни онгли равишда бажариши зарур, – дейди танлов ғолиби, Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги 9-ўрта мактаб ўқитувчиси Давронбек Ҳусанов. – Танловга тақдим этган мақоламда шу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларимни келтирдим.

Тадбирда Асосий қонунимизнинг маъно-мазмуни, ҳаётимиздаги аҳамияти алоҳида таъкидланиб, партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари унда белгилаб берилган асосий тамойилларга тўла мос экани қайд этилди. Танлов ғолибларига диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Қизиқарли маълумотлар
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.