Судьялар Олий Кенгаши - суд мустақиллигининг муҳим кафолати

Жорий йил 7 апрелда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунда Конституциямизнинг 80,81,93,111-моддаларига Судьялар олий кенгаши билан боғлиқ тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Конституциянинг 111-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади” – деб қайд қилинди. Судьялар олий кенгашига конституциявий мақом берилганлиги унга юклатилган вазифаларни мустақил ва самарали амалга оширилишининг муҳим конституциявий кафолати ҳисобланади. Қайд этиш жоизки халқаро стандартларда бундай вазифани амалга оширувчи орган мақоми конституциявий тартибга солиниши юксак эътироф этилади. Шунинг учун ҳам кўпгина ривожланган демократик давлат конституциялари бундай вазифани амалга оширувчи органлар фаолиятини тартибга солувчи нормаларни ўзида ифодалаган. Бу ерда яна бир эътиборли жиҳати шундаки, мазкур органни ташкил этиш ва унинг фаолияти аввалигдек давлат бошлиғи фармойиши билан тасдиқланган низом асосида эмас, балки қонун билан белгиланишидир. Биз биламизки, қонунлар энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солиб, олий давлат вакиллик органи томонидан депутатлар ва сенаторлар иштирокида бир неча ва давомли муҳокамалардан, турли экспертизалардан ўтиб қабул қилинади ҳамда Президент томонидан имзоланиб, матбуотда эълон қилингачгина кучга киради.

Судьялар олий кенгаши раиси аввалгидек Сенати аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан тайинланмай, балки бошқа бир қатор мустақил конституциявий органлар раҳбарлари каби Президентнинг тақдимига биноан Сенат томонидан тайинланиши юқори палатанинг мутлақ ваколатларига киритилди. Мазкур қоида асосий қонунимизнинг 80-моддаси 4-бандида ўзи ифодасини топди. Бундан ташқари Судьялар олий кенгаши раиси Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлисларида, шунингдек уларнинг органлари мажлисларида иштирок этиши конституциявий жиҳатдан мумкин бўлган шахслар қаторига киритилди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки шу вақтгача бундай шахслар қаторига Конституциямизнинг 81-моддасида фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, республика Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик Суди раислари, Бош прокурори, Марказий банки бошқарувининг раиси киритилган эди. Буларнинг барчаси Судьялар олий кенгаши раиси лавозими юксак обрў ва нуфузга эгалигидан далолат қилиб, унинг мустақиллигини, дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Зарурати. Судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тартибини янада такомиллаштириш зарурияти, судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси аниқ ҳуқуқий мақомга эга эмаслиги, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши ва чекланган ваколатларга эгалиги кабилар Судьялар олий кенгашини ташкил этишни тақозо қилди.

Хўш мазкур орган аввалгисидан нималари билан фарқ қилади? Айтиш жоизки, аввалги орган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида фаолият юритар эди ва ўз номига кўра судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш вазифасинигина бажарарди. Унинг низоми Президент фармойиши билан тасдиқланган эди. Аввалги Комиссия фаолиятининг ҳуқуқий асослари сифатида Конституция ва қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президентнинг фармон, қарор ва фармойишлари кўрсатилган бўлса янги Кенгаш ва унинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этиши ҳамда уларни бажариши шартлиги, Кенгаш ўз фаолиятини фақат қонунга бўйсунган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Янги орган авваламбор конституциявий мақомга эга, мустақил, ҳеч қайси давлат органи таркибида ёки ҳузурида эмас ҳамда вазифа ва ваколатлари, ҳатто номи ҳам аввалги Комиссиядан фарқ қилади. Комиссия деганда адабиётларда одатда мустақил орган бўлмай, кўмаклашувчи аҳамият касб этиб, у ёки бу орган, муассаса ҳузурида, таркибида фаолият юритадиган, яхлит тугалланган вазифалардан кўра муайян, тор доирадаги вазифаларнигина бажариш учун ташкил этиладиган, фаолият юритиши доимий бўлмай қоида тариқасида даврийлик, жамоатчилик асосида йўлга қўйилган, кўпинча текширув, ўрганиш функциялари билан чекланадиган тузилмалар тушунилади. Бундай тузилмалар фаолиятини одатда ўзи режалаштирмай уни ташкил этган тузилмаларнинг махсус вазифалари ва топшириқларини бажаришга ихтисослашади.

Кенгаш эса сиёсий-ҳуқуқий адабиётларда ўз номидан келиб чиқиб, ўзида демократизм ва коллегиаллик, бамаслаҳат иш тутиш, вакилликка асосланиши ва аъзоларнинг тўла ҳуқуқлигиги ва фикрларни эркин билдириши, одатда мустақил бўлиши ҳамда ўзи кўриб чиқаётган масалада қоида тариқасида ҳал қилувчи қарор чиқариши кабилар билан урғуланади.

Шу маънода мазкур орган номи Кенгаш деб аталиши ҳам ҳар томонлама тўғри бўлди.

Фаолиятини тартибга солувчи махсус қонун ҳақида. 2017 йил 7 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонун матбуотда эълон қилинди.

Унинг муҳим жиҳатларини қуйидагиларда кўришимиз мумкин.

Биринчи муҳим жиҳати – ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьяларини Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Кенгашнинг ўзи лавозимга тайинлаши, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса уларни Президент билан келишилган ҳолда лавозимидан озод қилиши – унинг обрў ва нуфузини кўтаришда фавқулодда муҳим аҳамият касб этади. Қайд этиш жоизки, авваллари бу лавозимларга тайинлаш ва озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг мутлақ ваколатларига кирар эди. Комиссиянинг ўрни фақат мазкур лавозимларга тавсия этиладиган номзодлар бўйича, шунингдек уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида Президентга тақдимномалар киритиш билан чекланар эди. Жаҳон тарихида орган ваколатини ўз ташаббуси билан бошқа органга ўтказиш тажрибаси камдан-кам учрайди. Албатта ҳарбий судларнинг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьяларини, туманлараро, туман, шаҳар судларининг раислари ва судьяларини тайинлаш – бу жуда катта масъулият, бу мазкур суд судьялари томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳар қандай эҳтимолий камчиликлар учун ҳам маънавий масъулият дегани ҳамдир. Шу маънода Судьялар олий кенгаши олдида бу нафақат ваколат, балки жуда катта масъулият ҳамдир.

Иккинчи муҳим жиҳат – бу Кенгашни шакллантириш тартибидир. Қонунда Кенгаш раис, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котибидан – жами йигирма бир нафар кишидан иборат таркибда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар орасидан шакллантирилиши белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ўн бир нафар аъзоси Кенгаш раисининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьялар орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг ушбу аъзоларидан бир нафари Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари орасидан тасдиқланади. Кенгашнинг раиси, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади, Кенгашнинг қолган саккиз нафар аъзоси, шу жумладан Кенгаш раисининг ўринбосари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Юқоридаги нормалар Европа Кенгашининг Венеция комиссияси томонидан илгари сурилган судьяларни танлаш бўйича орган таркибининг камида ярми судьяларнинг ўзидан бўлиши кераклиги, судьяларни танлаш тартиби қонунда аниқ ёзиб қўйилиши кераклиги, судларни танлаш бўйича орган фикри унинг давлат хизматчиси бўлган котибияти ходимларига боғлиқ бўлиб қолмаслиги учун унинг ярим аъзолари доимий равишда ишлашлари керак деган тавсиялари билан ҳамоҳангдир. Маълумот ўрнида айтиш жоизки авваллари Комиссия Сенат ва Қонунчилик палатаси, Олий суди, Олий хўжалик суди, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси вакиллари ва ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислар, шунингдек жамоатчилик вакилларидан шакллантирилиши ҳамда улар Президентнинг фармойиши билан ўн етти кишидан иборат таркибда беш йил муддатга тасдиқланиши, Комиссияда раис ва тўрт нафар аъзо (Котибият ва Суд инспекцияси раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари) ўз фаолиятларини доимий асосда, ўн икки нафар аъзо эса ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши белгиланган эди.

Учинчи муҳим жиҳат – бу Кенгашнинг асосий вазифаларида намоён бўлиб, унда судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, судьяларни касбий тайёрлашни, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик олиб бориш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун хулоса бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш кабилар белгиланган.

Тўртинчи муҳим жиҳат – Кенгаш фаолиятида тадқиқот фаолиятига алоҳида ўрин берилгани билан боғлиқдир. Буни биз Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот марказига айлантирилганида ҳам кўришимиз мумкин. Албатта мазкур Марказ Кенгашнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифасини амалга оширишда ўзининг тадқиқотлари билан кўмаклашади.

Бешинчи муҳим жиҳат – Кенгашнинг бир қатор ваколатларида мужассамдир. Биз уларнинг энг муҳимларига юқорида тўхталиб ўтган ҳолда яна шуни қайд этишимиз жоизки қонунда Кенгашнинг судьяларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида Президентга тақдимномалар киритиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш ва материалларни судьяларнинг тегишли малака ҳайъатларига юбориш (аввал судьяларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш ҳақида тегишли судлар раисларига тақдимномалар киритарди), судьяларни жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш масалалари юзасидан хулоса бериш, судьяларнинг малака ҳайъатлари фаолиятига умумий раҳбарликни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш, судьяларнинг фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш мезонларини тасдиқлаш, судьяларни касбий тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этишга доир дастурни тасдиқлаш (аввал таълим олиш ва стажировкадан ўтиш дастурлари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди ва Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланиши белгиланган эди), Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директорининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳар йили эшитиш каби ваколатлари мустаҳкамланди.

Юқоридагилардан ташқари Қонунда Кенгаш аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилди (аввалги Низомда Комиссия аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари келтириб ўтилмаган эди), масалаларни кўриб чиқишда коллегиалликни, демократизмни кучайтириш мақсадида Кенгаш мажлиси ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади – деб белгиланди (аввалги Комиссияда мажлис унинг аъзоларининг кўпчилиги иштирок этган тақдирда ваколатли деб ҳисобланар эди), Кенгаш аъзосини рад этиш ва унинг ўзини ўзи рад этишига оид қоидалар киритилди, судьялар корпусини шакллантириш чоғида судьялик лавозимларига номзодлар ҳуқуқларининг тенглиги эътироф этилди, аввалгидан фарқли ўлароқ одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларга ёки жисмоний нуқсонларга эга бўлганлар ҳам захирага киритилиши мумкин эмаслиги қайд этилди.

Қонунда судьялик лавозимига номзод захирадан чиқарилишининг амалдаги мавжуд асосларидан ташқари (амалда фақат ўқиш ва стажировка натижалари қониқарсиз баҳоланганда, шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи хатти-ҳаракатлар содир этганда каби) захирадан чиқариш тўғрисида ўзи ариза берганда, судьялик лавозимларига номзодлар тайёрланадиган махсус курсларга қабул қилиш танловидан ўтмаганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда, унда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар пайдо бўлганда, белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганда, вафот этганда ёки суд қарори билан вафот этган деб эълон қилинганда, жиноят содир этганда, унинг судьялик лавозимига номуносиблиги ҳақида хулоса чиқарилганда каби асослари киритилди. Бундан ташқари судьялик лавозимига номзод, агар у уч йилдан ортиқ муддат давомида судьялик лавозимига кўрсатилмаган бўлса ҳам захирадан чиқарилиши қайд этилди.

Мазкур муҳим ҳужжатнинг яна бир қатор муҳим жиҳатлари сифатида унда биринчи марта тайинланадиган судьяларни танлашнинг асосий мезонлари алоҳида, судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг асосий мезонлари алоҳида қайд этилгани, судьялик лавозимига номзоднинг тиббий текширувдан ўтказилиши қонунан белгиланаётганлиги, бунда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликларнинг ва жисмоний нуқсонларнинг рўйхати Кенгашнинг ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланиши, судьялар малакасини ошириш тадбирларига нисбатан талаблар ўрнатилиб, унга кўра малака ошириш судьялар фаолиятини ўрганиш ва баҳолаш натижаларига кўра, одил судловни амалга оширишда аниқланган тизимли камчиликлар ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилиши кабиларни келтириб ўтиш мумкин.

Мазкур констиуциявий нормалар ҳамда қонун фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли суд ҳимоясини, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини оширишга, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Миравзал Миракулов,

Юридик фанлар доктори.

Қизиқарли маълумотлар
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади.