«Российская газета»: Янги Ўзбекистон Конституцияси мамлакатнинг тараққиёт йўлини белгилаб берди

«Российская газета» саҳифасида Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Наби Зиядуллаевнинг «Янги Ўзбекистон Конституцияси мамлакатнинг тараққиёт йўлини белгилаб беради» сарлавҳали мақоласи босилиб чиқди.

«Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда биринчи марта мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият бўлган кўп миллатли халқнинг иродаси демократия ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига содиқликни тасдиқлайди. Мақсад инсонпарвар, демократик, жадал ривожланаётган давлат, кенг ва жозибали бозорга эга ишончли ва башорат қилинадиган халқаро шерик бўлган очиқ ва адолатли жамият қуриш билан изоҳланади. Асосий қонунда Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти, биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш илк бор аниқ-равшан мустаҳкамлаб қўйилди», деб ёзади муаллиф.

Мақолада, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли минтақавий қурилишнинг янги концепциясини шакллантириш ва Марказий Осиёнинг ўзига хос сиёсий ва ижтимоий жиҳатларга эга бўлган ягона геоиқтисодий маконини яратиш борасида салмоқли натижаларга эришилгани алоҳида таъкидланган. Яқин вақтгача бир-биридан жуда узоқ бўлган давлатлар тобора яқинлашув ва келишувларга интилмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Конституцияда биринчи марта Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги белгилаб қўйилди. Ушбу қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмас, бу давлатнинг асосий хусусиятлари барқарорлиги ва ўзгармас эканлигини тасдиқлайди. Конституциявий ислоҳотда «давлат-жамият-инсон» тамойили «инсон-жамият-давлат» билан алмаштирилганлиги ҳам таъкидланган.

«Конституцияни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича референдумнинг муваффақиятли ўтказилиши республика сиёсий тараққиётидаги муҳим босқич бўлиб, унинг натижалари Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий йўналиши жамоатчилик томонидан юқори даражада қўллаб-қувватланаётганидан далолат бериши баробарида Ўзбекистон фуқароларининг амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини тасдиқлайди», деб ёзади «Российская газета».

Қизиқарли маълумотлар
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.