Эркинлик, адолат ва тенгликнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланади.

Эркинлик, тенглик, адолат, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги, ҳокимиятнинг сайлов асосида вужудга келиши, ҳокимиятлар бўлиниши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд қарорисиз маҳрум этиб бўлмаслиги, айбсизлик презумпцияси буларнинг барча-барчаси демократиянинг энг муҳим белгилари бўлиб, демократик давлатлар конституцияларининг муҳим принципларини ташкил этади.

Шу маънода айтиш жоизки, юқорида келтириб ўтилган демократик принципларни ўзида мужассам этган мўътабар Қомус — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун - мустақил Ўзбекистон тараққиётида беқиёс сиёсий, ҳуқуқий ва халқаро аҳамиятга молик тарихий кун бўлиб қолди.

Мана, қарийб йигирма беш йилдан бери, ҳаётимизнинг Асосий қомуси бўлмиш, давлатимиз ва жамиятимизнинг нафақат бугуни, балки келажагини ҳам белгилаб, эзгу мақсадларимизнинг ҳуқуқий пойдеворини муҳрлаб берувчи Конституциямиз қоидалари асосида яшаб келмоқдамиз. Шу давр мобайнида барчамиз ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқ фаровонлигининг ҳуқуқий кафолатини ўзида мужассам этган Конституциямизда зикр этилган мақсад ва муддаоларга эришиш йўлида меҳнат қилмоқдамиз.

Мана шу йигирма беш йил мобайнида жамиятимизда, ҳар қайси оила ва ватандошларимиз ҳаётида қандай ижобий ўзгаришлар содир бўлаётган бўлса, буларнинг барчаси Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларга оид қоидаларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда. Конституциямизнинг асосий моҳияти ҳам инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилишдан иборатдир.

Конституциянинг асосий моҳиятларидан яна бири бўлиб, жамият ва унинг аъзолари олдига мақсад қўйиши ва ана шу эзгу мақсадга эришишнинг йўлларини ўзида мужассам этишида ифодаланади. Асосий қомусимиз ўзида инсон – оила – жамият – давлат манфаатларини уйғунлаштиргани сабабли, мазкур ҳужжат ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали, муваффақиятли бўлишини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатламоқда.

Жаҳонда бўлиб ўтаётган воқеалар ҳам шуни яққол тасдиқламоқдаки, агар инсон ва давлат манфаатлари ўзаро уйғунлиги бузилса, давлатда олға силжиш бўлмайди. Мамлакатимизда эса, бу масала давлатимиз раҳбарининг оқилона ва доно сиёсати туфайли Конституциямизда жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи - инсон деган фикрни илгари сурилди ва шу асосда “фуқаро - жамият – давлат” ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ҳуқуқий ечимини топишга интилдик.

Конституция ҳар қандай давлатнинг ўзига хос паспорти десак ҳам муболаға бўлмайди. Чунки, у ёки бу мамлакатда давлатни тавсифлаш зарур бўлганда Асосий қонун ушбу давлат ривожланишнинг қандай йўлини танлагани, инсон-жамият-давлат муносабатлари, давлат тузилиши ва бошқарувига оид барча масалаларни муфассал тартибга солади.

Конституция давлат билан шахс ўртасидаги ўзаро ҳуқуқлар ва бурчлар белгилаб олинган ўзига хос аҳднома десак ҳам муболаға бўлмайди. Чунки Конституциямизнинг 19-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Шу маънода Асосий қомусимизда давлат ўзига бир қатор ўта муҳим мажбуриятларни олганки, унга кўра давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Фуқаролар эса Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажариш, Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга, атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга, қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга, ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.

Ҳар бир мамлакатда у ёки бу жорий қонунлар бўлиши ва у муайян вақтдан сўнг номи ўзгариши ёҳуд бекор бўлиши мумкин. Бироқ, Конституция инсон, жамият, давлат манфаатларини ва иродасини ўзида ифодаловчи, давлат тузилиши ва бошқаруви шакли асосларини белгиловчи, ҳокимият идоралари фаолиятининг ташкил этилиши тартиби ва принципларини мустаҳкамловчи олий юридик кучга эга бўлган ҳужжат бўлиб, у ўзининг ягоналиги ва барқарорлиги билан ажралиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг III боби “Конституция ва қонуннинг устунлиги” деб номланиб, ундаги қоидаларга кўра Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар. Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас, деб белгиланган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонун 7-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид келиши мумкин эмас. Мазкур Қонуннинг 22-моддасига биноан эса барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги юзасидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Конституцияни махсус муҳофаза қилиш мақсадида Асосий қонунимизда Конституциявий суд ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Мазкур суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўради. Бундан ташқари, 2014 йил 16 апрелда Конституциямизга киритилган парламент ва жамоатчилик назорати институтларига оид нормалар ҳам Асосий қонунимизни устунлигини таъминлашга хизмат қилади.

Асосий қомусимиз 128 моддадан иборат бўлгани ҳолда унинг 30 дан ортиқ моддалари бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишлангандир. Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли барча принципиал қоидаларини ўзида мужассамлантириб, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланишини қайд этади, унга кафолатлар беради. Ўтган йиллар давомида парламентимиз томонидан инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини тартибга соладиган 16 та кодекс ва 400 дан ортиқ қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон биринчи ратификация қилган ҳужжат ҳам Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бўлди. Истиқлол йилларида мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ асосий ҳужжатга қўшилди, БМТ томонидан бу соҳада қабул қилинган олтита асосий халқаро шартнома қатнашчисига айланди.

Конституцияда инсон ҳуқуқи, инсон эркинлигининг устувор эканлиги ўз ифодасини топган, биргина 13-модданинг ўзиёқ ҳуқуқий давлатнинг энг асосий талабларидан бирини ўзида мустаҳкамлаган, унда Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши қайд этилган. Унга биноан ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, давлат органларига, муассасаларига мурожаат қилиш, мулкдор бўлиш, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш каби ҳуқуқларга эга. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз бўлиб, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Бундан ташқари, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари алоҳида муҳофазага олинган бўлиб, ушбу ҳуқуқ ва эркинликларга тажовузлардан қўриқлаш, бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг махсус қисмида алоҳида VII боб. “Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши жиноятлар”га бағишланган.

Конституциямизда демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши (13-модда), давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши (43-модда), ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши (44-модда) мустаҳкамлаб қўйилди. Мазкур нормаларни ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик, Жиноят процессуал кодекслари, “Судлар тўғрисида”, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек Адлия вазирлиги таркибида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича махсус тузилмалар фаолият кўрсатмоқда.

Конституцияда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши мустаҳкамланди. Ушбу конституциявий тамойилларнинг қонунчилик механизмлари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида” қонунларда ўз аксини топди.

Демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси бўлмиш ҳокимиятларни бўлиниши принципи Асосий қонунимизнинг 11-моддасида ўз ифодасини топган, яъни, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими - ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Ушбу принцип ижро ўлароқ мамлакатимизда ҳокимият тармоқлари фаолиятини бевосита тартибга соладиган еттита қонун қабул қилинди. Ҳозирги кунда миллий парламентимиз Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат – Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий негиз асосида фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Конституция 89-моддасига асосан мазкур давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини самарали таъминламоқда.

Асосий қонунимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асослари бўлган бозор муносабатларини ривожлантириш, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги каби конституциявий нормалар ҳам ўз ифодасини топган. Бундан ташқари, Конституция инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш, ҳайрия фаолиятини амалга ошириш учун ҳамда бошқа ижтимоий фойдали мақсадларда тузиладиган фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга ҳам муҳим ҳуқуқий пойдевор яратган. Унинг асосини Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эга эканликларини белгилайдиган конституциявий нормалар ташкил этади. Ушбу қоидаларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида юртимизда “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Яна бир гап. Конституциямиз миллий тафаккуримизни, муқаддас қадриятларимизни ҳам ўзида акс эттирган. Асосий қонунимиз давлат тилини ўзбек тили деб белгилаб, ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши таъминланиши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратилиши кафолатлайди. Бу эса фуқароларнинг аҳиллиги, халқимизга хос одамийлик, умуминсоний қадриятларга ихлос каби яхши сифатлар ўз аксини топганлиги, юртимизга хос қардошлик ва дўстлик анъаналари, ўзининг бой ва теран тарихига эга бўлмиш халқларнинг ўзаро тотувлигининг абадий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, 45-моддада вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги, 64-моддада эса ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантириши, шунингдек 66-моддада вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликларини мустаҳкамлайди. Мазкур конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги каби бир қатор қонунлар қабул қилинди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш жоизки, мустақил Ўзбекистонинг Конституцияси биринчидан, ҳақиқатан ҳам демократик Конституция бўлиб, тарихда синалган умуминсоний, умумбашарий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳамда халқаро демократик андоза ва талабларга жавоб беради, иккинчидан, бизнинг Конституция энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган, унинг дунё миқёсидаги ҳар қандай илғор давлат Конституциясидан кам жойи йўқ, учинчидан, Конституция, умумий мазмунидан тортиб оддий бир бандига қадар миллий тафаккурни, муқаддас қадриятларни, шу азиз ва муқаддас заминимизда истиқомат қилаётган инсонларнинг дунёқарашини, уларга хос ўзаро муносабатларни, хусусиятларни, меҳр-оқибат, одамийлик, ўзга миллат ва элатларга нисбатан ҳурмат, илму фанга интилиш, ор-номус, иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатларни ўзида акс эттиради.

Хулоса қилиб айтганда, Конституция биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя, қонун олдида ҳамманинг тенглигини таъминлайдиган, ҳар бир инсоннинг ўз фикрини эмин-эркин ифода қилишида, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб этишида, бурч ва масъулиятларини бажаришида бамисоли қалқон бўлиб хизмат қилмоқда.

Миравзал Миракулов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори

Қизиқарли маълумотлар
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.