Конституция – фаровон ҳаётимиз пойдевори

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курсларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан «Конституциявий ҳуқуқларни амалга оширишда маҳалла фуқаролар йиғинининг ўрни ва аҳамияти» мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳамда халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган Бош қомусимиз тарихимиз, бой маънавий меросимизни тиклаш, мамлакатимизда обод ва фаровон ҳаёт қуриш, Ватанимизни тараққий топган демократик давлатлар қаторига қўшишда муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлганлиги таъкидланди.

Маҳалла тушунчаси Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги мақоми қатъий белгилаб қўйилди. Асосий қонунимизнинг 105-моддасида бу ўз ифодасини топган. Конституциямизда шаҳарча, қишлоқ ва овуллар, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллалар ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари ҳисобланиши белгиланган.

Илмий-амалий анжуманда давлатимиз Асосий қонунининг яратилиши, Конституциявий комиссиянинг ташкил этилиши, унинг фаолияти, ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаётида конституциявий ислоҳотларнинг зарурлиги ва тарихий ривожланиш босқичлари ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон Конституциясининг ғоя, асосий принцип ва қоидалари умумэътироф этилган нормалар ҳамда халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланиб келган қадриятларига мослиги, Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказишда маҳалла фаолларининг ҳам ўрни беқиёслиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, депутатлар, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, пойтахтимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа қатор ташкилотлар вакиллари иштирок этган анжуманда конституциявий ҳуқуқларни амалга оширишда маҳалла фуқаролар йиғинининг ўрни ва аҳамияти бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда Бош қомусимиз ҳақида маърузалар тингланди.

Гўзал Сатторова,

ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Бразилия Федератив Республикасининг конституциясида "Ҳиндулар тўғрисида" деб номланган махсус боб (VII боб) мавжуд бўлиб, ушбу боб Бразилияда яшаб келган туб аҳолига тақдим этилган алоҳида устунлик ва имтиёзларга бағишланган.