Конституция ва шахс дахлсизлиги кафолати

Инсонпарварлик тамойилларига асосланган Асосий Қонунимиз – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигига ҳам йигирма беш йил тўлиш арафасида.

2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши ҳам азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсон қадрини, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган ишларнинг узвий давоми, десак муболаға бўлмайди. Бу Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 24 йиллиги муносабати билан 2016 йил 7 декабрь куни тантанали тадбирда: “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак” деган сўзлари билан яна бир бора ўз исботини топди.

Албатта, инсон манфаатлари устувор бўлган юртдагина юксалиш бўлади, бундай давлат фуқароси ҳар томонлама баркамол бўлиб, ватан учун, халқ учун жони-жаҳонини фидо қилишга доимо тайёр бўлади.

Инсон ҳуқуқлари муаммоси бугунги кунда инсоният олдида тураётган энг долзарб муаммолардан биридир. Айнан инсон ҳуқуқларининг таъминланганганлик даражаси билан давлатнинг демократик ривожланганлик даражаси ўлчанади, инсон ҳуқуқлари муайян бир мамлакатда демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш сиёсатининг ўзига хос барометридир. Зеро, инсон ҳуқуқларини таъминлаш жамиятнинг барча жабҳалардаги тараққиётнинг асоси, чунки инсон ҳуқуқлари таъминланган жамиятда рақобат муҳити пайдо бўлади ҳамда ижобий ўзгаришлар ва янгиланишлар суръатлари жаддалашади ҳамда пировардида демократик ҳуқуқий давлат қуриш бўйича стратегик мақсадга эришилади.

Биринчи Президентимиз И.Каримов раҳнамолигида мустақил республикамизнинг Конституциясини яратишда жаҳондаги тараққий топган мамлакатларнинг тажрибаларидан кенг фойдаланилганлиги, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига амал қилинганлиги, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясида белгиланган инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқларининг Конституциямизда ўз ифодасини топганлиги Конституция лойиҳасининг халқ томонидан кенг муҳокама қилиниб, келиб тушган таклифлар эътиборга олинган ҳолда қабул қилинганлигининг ўзи унинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг устуворлигини кафолотловчи Конституция дейишга тўлиқ асос бўла олади.

Ўтган давр мобайнида Конституциямиз республика мустақиллигининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда, барча соҳалардаги ислоҳотларни амалга оширишда ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Шу билан бир қаторда давр синовларидан муваффақиятли ўтиб, мустақиллигимизнинг ҳамда инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг чинакам кафолатига айланди. Қомусимизда биринчи навбатда, шахс манфаати давлат манфаатидан устун ғоясига асос солинган бўлиб, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилди. Конституциямизда фуқароларнинг тенглиги, эркинлиги ва дахлсизлиги, ҳуқуқ ва эркинликларининг олий қадрият эканлиги, ҳар қандай қонунга хилоф тажовузлардан муҳофаза қилиниши, қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олинмаслиги ёки қамоқда сақланмаслиги, қийноққа солинмаслиги каби энг муҳим ва мухтасар қоидалар қатъий мустаҳкамлаб қўйилди.

Конституциямизда белгиланган нормаларга ҳамоҳанг ҳолда ўтган даврда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг яхлит тизими яратилди, инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг узлуксиз тизими барпо этилди, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинг олиб бориш тизими ишлаб чиқилди, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг нодавлат тизими, фукаролик жамияти институтлари фаол ривожлантирилди ҳамда бу соҳада самарали халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Конституциявий-ҳуқуқий тараққиётимизнинг яна бир муҳим жиҳати – давлатимиз ривожланишида инсонпарварлик тамойиллари тобора мустаҳкамланиб, жиноий жазоларни либераллаштириш, ижтимоий адолат, жазонинг муқаррарлигини таъминлашга эришиш борасида салмоқли ютуқларга эришганимиздир. Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати сифатида намоён бўлади.

Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда Ҳаракатлар стратегияси асосида 2017 йил 6 апрел ва 31 майда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида қонунлар қабул қилинди. Мазкур қонунлар Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни рўёбга чиқаришга қаратилган принципиал қоидаларни ўзида мужассам этди.

Юқоридаги қонунлар асосида Конституциямизнинг 80, 81, 83, 93, 107, 108, 110, 111-моддаларига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Конституциямизга киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди, Судьялар олий кенгашига конституциявий мақом берилди, маъмурий судлар ташкил этилди ҳамда Конституциявий суд ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.

Хусусан, суд тизимида иқтисодий ва маъмурий судлар ташкил этишни назарда тутувчи ушбу конституциявий ўзгартишлар мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий, иқтисодий, бозор ислоҳотларини суд-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини оширишнинг, хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик фаолиятини судда ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланади. Жумладан, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, давлат органларининг ҳаракатларига ёки ҳаракатсизлигига, қарорлари устидан фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг берган мурожаатларини кўриб чиқишга ваколатли бўлган турли даражадаги маъмурий судларнинг тузилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини, манфаатларини судда ҳимоя қилиш самарадорлигини тубдан оширади.

Қонун меъёрларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг сифат ва самарадорлигини ошириш, номзодларни танлаш ва судьялар лавозимларига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мустаҳкамлаб қўйилди. Бинобарин, буларнинг барчаси бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Ўзбе¬кис¬тоннинг янги тараққиёт стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича белгиланган вазифалар моҳият-эътибори билан бу соҳани бутунлай янги босқичга олиб чиқиш, пировардида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини самарали таъминлашга кенг имкониятлар яратди.

Ҳаракатлар стратегиясида айнан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Зеро, одил судловни оғишмай амалга оширишда, фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқлари бўйича адолатли қарор қабул қилишда бунинг аҳамияти беқиёс.

Мухтасар айтганда, инсон ҳуқуқларига оид халқаро принцип ва стандартларни ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари ва принциплари миллий қонунчилик негизини ташкил этди ҳамда юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг барқарор ҳуқуқий асосларини яратишда мустаҳкам пойдевор бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти бўлим бошлиғи,
юридик фанлар номзоди, Ў.Р.Хамраев

Қизиқарли маълумотлар
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги давлатининг конситуцияси 300га яқин қонун ҳужжатларидан иборатдир, яъни бу давлатда ягона конституция ҳужжати мавжуд эмас.