Муҳаммад Али: “Конституция – мустақиллигимиз тузуги, кишининг барча эҳтиёжларига унда жавоб бор”

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Муҳаммад Али миллий қомусимиз – Конститутциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан ЎзА мухбирининг қонунлар жамланмаси негизида бир ижодкор қисмати, орзуси ва умиди ҳақидаги айрим саволларига жавоб берди.

– Сиз ўзбек адабиёти ихлосмандлари орасида кўплаб асарлари билан танилган, ижодкорлар ичида эса ўзининг залворли ижод маҳсули билан ажралиб турадиган ёзувчи сифатида миллий қомусимизнинг ҳаётингизда тутган ўрни ҳақида нималар дея оласиз?

– Мен Ўзбекистон фуқаросиман. Мамлакатимизнинг барча фуқароларининг бутун ҳақ-ҳуқуқлари, конститутцияда белгилаб қўйилган. Ҳар бир фуқаро ўқиш, меҳнат қилиш, даволаниш ҳуқуқларига эга. Бугун осойишта заминимизда виждон эркинлиги, тенг ҳуқуқлилик, инсонпарварлик ғоялари асосида бахтиёр инсонлар умргузаронлик қилиб келмоқда.

Конституция – тузук дегани. Эски туркий тилимиздаги тузмоқ феъли асосида юзага келган. Амир Темур тузуклари ҳам ўзига хос бир конституция десам, янглишмайман. Тузукда айтилади агар айбдор, жиноятчи кишиларга жазо бериш керак бўлса унга азоб бериш, қийнаш танага жароҳат етказиш каби жазолар бериш тақиқланади. Уни маърифат йўли билан тўғри йўлга бошлаш керак. Ёки бўлмасам, ўша давр кишиси адирлик, қаровсиз дашт ерларини парвариш қилиб, уни обод қилса, ундан биринчи солиқ олинмаган. Бобомиз тузукларида ҳам миллий қомусимиз сингари инсонпарварлик – гуманизм ғоялари илгари сурилган. Бир сўз билан айтганда, бугунги конституциямиз мустақиллигимиз тузугидир.

Бугун биз нимагаки эришган бўлсак, мана шу конституциямиз туфайли эришдик. Конституция инсонни инсон сифатида яшашини, саёҳат қилишини, эркин фикрлашини таъминловчи оламшумул ҳужжат ҳамдир. У киши руҳиятини, соғлигини ўзида акс эттирган.

Конституция – мустақиллигимизнинг энг катта ютуғи ҳамдир. У шунчалар мукаммал асарки, кишининг барча эҳтиёжларига унда жавоб бор. Унда нафақат, инсонни балки оддий дарахт, табиат, муборак қадамжоларни асраш, муҳофаза қилиш тушунчалари ҳам ётади.

– Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари – тарихий ҳақиқатлар қораланган, адолат эмас, адоват ҳукмронлик қилган даврлар. Айнан сизнинг “Гумбаздаги нур” достонингиз ўша вақтларда ёзилган. Шундай зиддиятли замонда Соҳибқирон шахсини гавдалантиришга чўчимагансизми? Умуман олганда, буюк Амир Темур шахсига меҳрингиз қачон тушган?

– Баъзан ўзим ҳам ўйлаб қоламан. Қачон мана шу ўйлар юрагимга кириб келган экан, деб. Эҳтимол, талабалик йилларимдадир. Москвадаги Адабиёт институтида ўқиганман. Олийгоҳда танқид, шеърият наср ва таржима йўналишларида турли давлатлардан келган талабалар билан бирга таҳсил олганман. Ўша вақтда ҳар томондан келган талабалар билан ўзаро баҳслашардик. Улар турфа хил миллат вакиллари эди – Болтиқ бўйи мамлакатидан, Жазоирдан, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистондан келиб ўқирди. Улар доим ўзининг шонли тарихи ҳақида оғизларидан бол томиб гапиришарди. Айниқса, рус шоирлари кўпчиликни ташкил этарди. Уларда ўша даврда ўз тарихини ёритиш эркинроқ бўлган. Евтушенконинг “Ванька-встанька” номли шеъри бор эди. У шеър рус миллатининг ёрқин тарихий сиймоларидан бўлмиш Симеон Ванков ҳақида эди. Буни ўрта ёшли кишилар яхши билишади. Шу номли ажойиб ўйинчоқ бўларди. Уни қай тарзда улоқтирсангиз ҳам, ўз ҳолига қайтиб яна тик туради. Йиқитишга уринсангиз ҳам, сал ағанарди ва дарҳол туриб оларди. Ҳеч қачон йиқилмайди. Гўёки душманга бўйин эгмайди. Улар миллатини шундай эъзозлашарди. Талабалик йилларимда бир рус ёзувчисининг “Усталар” достони машҳур бўлиб оғиздан-оғизга ўтиб кўчиб юрар эди. Мен ҳам ундан руҳланиб “Гумбаздаги нур” достонини ёзгандим. Қарангки, ўша даврда устозлар томонидан яхши кутиб олинди. Илиқ муносабатлар эса мени яна ва яна ёзишга ундаган. Рости ўша даврда Соҳибқирон ҳақида асар ёзиш, уни тўғри талқин қилиш жуда қийин иш эди. Шу даврларда Бобомиз тилидан ёзилган тўртлигим ёдимга тушиб кетди:

Эй муаррих, этма умрни тароз,

Бас, бундай гапларга эмасман муҳтож.

Тори узилса ҳам, соз аталар соз,

Бошдан тушганда ҳам, тож аталур тож.

Ўша давр зиддиятли замонларида алам билан ёзилган тўртлик.

Орадан бироз вақт ўтиб “Сарбадорлар” романини ёзганман. Амир Темур образини киритиш учун эмас, ушбу воқеани бадиий акс эттириш учун. Ваҳоланки, ўша давр - Амир Темурдек мукаммал шахс униб ўсаётган давр эди. Соҳибқироннинг навқирон ёшлик пайтлари. Ушбу асаримда ҳам буюк шахс сиймоси биринчилардан ёритилди. Олим, адабиётшунос Матёқуб Қўшжонов ҳам юқори баҳолаб давомини ёзишни, Соҳибқирон образини гавдалантиришга, уни бадиий адабиётга олиб келишга ундади. Яна бир нарсадан фахрланаман – “Гумбаздаги нур” достони 1967 йил, ўша октябрь тўнтарилишининг 50 йиллик юбилейи вақтида чоп этилган. Ўша даврни кўрган кишилар яхши билишади. Шу дамда нима чоп этилса, октябрь сўзи ёки Ленин исми бўлиши керак эди. Ҳатто фабрикалардан совун, гугурт ишлаб чиқарилса ҳам, тепасида 50 рақами бўлар эди. Сўзга эътиқодим бор, ўзим шу нарсалардан ғурурланаман, ўша достонимда на октябь, на Ленин исми бор. Ҳозир дарсликлардан жой эгаллаган асар – ўша 1967 йил қандай ёзилган бўлса, шу кўринишда ундан жой олган.

Аслида, Амир Темурдек мукаммал шахсга ўхшаши бор инсон йўқ, у кишидек кечиримли ва доно киши оламда бўлмаган. Боязид воқеаларини эслайлик, ёки Тўхтамишхон неча маротаба бобомиз шафқатига сазовор бўлган...

Шарафиддин Али Язди айтади: “Соҳибқирон ўз вақтини айш-ишрат билан ўтказишга қизғанарди”, Соҳибқироннинг мучали сичқон бўлган. Ҳеч нарсани эътибордан чиқармаган. Кичик ҳолатларга ҳам аҳамият қаратгувчи мукаммал инсон бўлган.

Шундай даврлар бўлганки, айрим рус олимлари Соҳибқирон бобомизни чаласаводга чиқариб қўйган. Аммо ҳеч бири аниқ маълумот билан у шу ерда саводсизлик қилган, деб исботлаб бермаган. Исботлаб беролмайди ҳам. Чунки Соҳибқирон илмталаб, мутолаани хуш кўрадиган зиёли киши бўлган. Алишер Навоий “Мажолус ун-Нафоис” асарида келтиради “У киши шеър ёзмайдилар, аммо бир шеър айтгани юз шеър ёзғонча бор” деган жойлари учрайди. Бу ҳам бобомизнинг характерини очиб берувчи далил, десак янглишмайман.

Ўзимда куч ва ирода топганим учун “Улуғ салтанатдек” йирик асарга қўл урдим. Одамлар асарларимизни ўқишяпти, фикр-мулоҳазалар билдиришмоқда. Шу орада асарларимиз орқасидан ўзимизни ҳам танишяпди. Самимий учрашувларда китобларимиз эътироф этишмоқда. Барча ёзувчилар сингари бу ҳолатлар мени ҳам мамнун қилади.

Яқинда “Имом ал-Бухорий” зиёратгоҳига бордим. Зиёрат чоғида ўрта ёшли бир аёл ёнимга келди, сўрашиб биринчи берган саволи шу-бўлди: “Нимага Муҳаммад Султонни ўлдирдингиз”, деди. Гаплар ҳазилга улашиб кетди. Айтишича, асаримни радио вариантини эшитиб, Амир Темурга бўлган меҳри янада ошибди. Асар қаҳрамонлари уни таъсирлантирибди. Бу эса биз каби ёзувчиларга фахр туйғусини беради. Ҳатто набирасига исмимни қўйибди. Бухоролик Шабия исмли опа экан. Халқимизда тарихни ардоқлайдиган одамлар кўп. Асар ичидаги Амир Темур ва Бибихоним ўртасидаги диалогларни ҳалигача китобхонлар таъсирланиб эьтироф этиб келишмоқда. Ёзувчи учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

– Миллий давлатчилигимиз қонуни ижтимоий ҳаётнинг гўзаллиги таъминлабгина қолмасдан, оила тинчлигига ўз ҳиссасини қўшади. Бир сўз билан айтганда, барчамиз ушбу китоб негизида яшаб келяпмиз. Сиз ҳам фарзанд ва набираларингиз билан фаровон умргузаронлик қилиб келмоқдасиз. Оилангиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз...

– Тўрт қизим, бир ўғлим бор. Барчаси олий маълумотли. Қизларим ҳам турли соҳаларда – бир қизим инглиз тили ўқитувчиси, икки қизим врач, кейинги қизим филолог журналист, ўғлим банк ходими. Куёвларим ҳам, келинларим ҳам ўз касбига фидойи. 14 нафар набирам бор. Қарангки, 7 нафари ўғил, 7 нафари қиз. Улар ҳам худди ота-онасидек илмга чанқоқ. Ҳозир замон ўқиганники. Бу йил бир набирам дизайн институтига ўқишга кирди, биттаси Бенков мактаби ўқувчиси бўлди, кенжа набирам эса биринчи синфга қадам қўйди. Буларнинг барчаси дилимни бирдек хурсанд, шод этади. Набираларнинг кичик ютуғи ҳам биз боболарга улкан бўлиб кўринади. Улар тинч, осойишта, фаровон даврларда яшаяпти. Қўлини чўзса осмонга етади. Набираларим тенги барча Ўзбекистоннинг болалари бугун дунё болаларидан кам ери йўқ. Ҳар томонлама улар билан баҳслаша олади. Хоҳлаган мавзуда “дебат” олиб бориб, мана ман деган тенгдошларини доғда қолдиради. Тилни мукаммал билишади, икки-уч тилда мураккаб асарларни мутолаа қилишади. Саёҳатга дейсизми, билим олишга дейсизми, умуман, барча эзгу амалларни бажаришга дунёнинг хоҳлаган ерига бориб кела олади. Бугунги ёшларимиз ана шундай тўқчилик замонида яшаётганидан мамнунман. Шу бахтли болалар қаторида набираларим ҳам борлиги мени қувонтиради. Мана шуларнинг ҳам барчаси келажак учун муҳим қадам бўлган, қолаверса, бахтли келажакни ўзида акс эттирган конституциямиз туфайли, десам янглишмаган бўламан.

Дилобар Маматова, ЎзА

Қизиқарли маълумотлар
Гарчи Япония Конституциясининг 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий вос кечган бўлсада, бугунги кунда Япония ҳарбий ҳаражатлари бўйича дунёда 5-ўринда туради ($ 58, 97 млрд).