Тараққиётимиз ва фаровонлигимиз кафолати

Бир пиёла чойни оиламиз даврасида, ширин суҳбат чоғида ичар эканмиз, албатта, шу тотли онлар, фаровон турмуш, қалбимиз хотиржамлиги учун шукрона айтамиз. Бу бебаҳо неъматларни бизга истиқлол берди. Асосий Қонунимиз эса бахтимиз пойдевори бўлди.

Дарҳақиқат, бу ҳужжат юртимиз осойишталиги, халқимиз фаровон ҳаётининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётир. Зеро, Конституциямиз орқали бизга билим олиш, эркин касб танлаш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, орзу-истакларимиз рўёбини кўриш каби беқиёс ҳуқуқлар берилди.

Энг муҳими, бу ҳуқуқлар халқимизни 25 йилдан буён улкан бунёдкорликлар сари илҳомлантириб келмоқда.

Бугун Хоразм вилоятидаги қайси ташкилот, муассаса ёки хонадонга борманг, Президентимизнинг воҳага алоҳида эътибор қаратаётгани ҳақидаги фахру ифтихор ҳиссига тўла миннатдорликка йўғрилган шукроналарни эшитасиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ҳудуд аҳолисига жуда катта қулайликлар яратилмоқда. Мисол учун, Хивага элтадиган темир йўлдаги бунёдкорлик ишлари барчани бирдек мамнун қилаётир. 2004 йилда фойдаланишга топширилган Ҳазорасп тумани ҳудудидаги автомобиль ва темир йўл кўприги воҳа тараққиётида муҳим аҳамият касб этгани ҳам барчага аён. Яқинда эса Бухоро — Мискин темир йўли қуриб битказилди. Шу кунларда Урганч — Хива темир йўли қурилиши жадаллик билан давом эттирилаяпти.

Айтиш жоизки, темир йўл соҳасидаги бундай саъй-ҳаракатлар вилоят ижтимоий-иқтисодий тараққиётида алоҳида ўрин тутаётир: янги иш ўринлари яратилмоқда, аҳолининг турмуш шароити тобора яхшиланаяпти.

Янги корхоналар ишга туширилиши ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми янада ошаётир. Жорий йилнинг 9 ойида 373 миллиард сўмлик инвестициялар эвазига 1,5 мингга яқин ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилган ёки кенгайтирилган. Натижада 6 мингта иш ўрни яратилди.

Кўп асрлик тарихий тажриба шундан далолат берадики, жамиятнинг ҳақиқий бойлиги — инсон. Кишилик жамияти Ватанига садоқатли, имон-эътиқоди бутун, мард ва жасур, малакаси етук, маънавияти юксак инсонлар билан ҳақли равишда фахрланади. Бу улуғвор, бетимсол бойлик ҳар қайси давлатнинг салоҳиятини белгилайди.

Жорий йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиб, одамларни рози қилиш йўлида улкан ишлар, эзгу амаллар рўёбга чиқарилаётганлигининг боиси ҳам шунда. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган эзгу ғоя асосида авваллари кузатилмаган тажриба ҳаётга татбиқ этилди. Яъни аҳолига иссиқхона қуриш, томорқадан самарали фойдаланиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичиликни йўлга қўйиш, қисқача айтганда, ҳаётлари сифатини яхшилаш учун имтиёзли кредитлар берилди. Бу каби чора-тадбирлар оилалар турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Одамлар орасига бориб, улар билан суҳбатлашганимизда, ҳаётлари кундан-кунга яхшиланиб бораётганидан ниҳоятда мамнун эканликларини билдирмоқдалар.

Юртбошимизнинг 2017 йил 18 январдаги “2017 — 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, хоразмлик ва қорақалпоғистонлик пенсионерлар, ногиронлар ҳамда ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахслар, талабалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали моддий ёрдам тайинланган кам таъминланган оилалар аъзолари учун самолёт ва темир йўл чипталарини олишда 50 фоизлик имтиёзлар берилди. Бу ҳам халқпарварлик сиёсатининг ёрқин кўринишларидан бири бўлди, десак, айни ҳақиқат.

Давлатимиз раҳбари 14-15 октябрь кунлари вилоятимизда бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ҳаётга татбиқ этилаётган янги лойиҳалар билан танишиш асносида қатор вазифаларни белгилаб бердики, бу бошлаган ишларимизни янги поғонага кўтариши, шубҳасиз. Гап шундаки, 2018-2019 йилларда воҳамизда умумий қиймати 716 миллион доллар бўлган 1 минг 500 га яқин лойиҳаларни рўёбга чиқариш ҳамда 16 мингта иш ўрни яратиш чоралари кўрилмоқда. Айниқса, келгуси йилни Хоразм вилоятида “Тадбиркорликни тубдан ривожлантириш ва инвестициялар йили” деб эълон қилиш таклифи мазкур соҳанинг жадал тараққиётига замин яратади.

Бугун воҳаликлар Конституциямизнинг 25 йиллигини шундай улкан ютуқлар, янги ташаббуслар, муҳими, жўшқинлик билан қарши олмоқдалар. Зотан, она-Ватанимиз равнақи йўлида фидойи меҳнат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Сайёра АБДИКАРИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Қизиқарли маълумотлар
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади.