Суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий асослари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мамлакатимиз тараққиёти, жамиятимизнинг ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги аҳамияти беқиёсдир. Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда, жамиятда қонунийлик ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122-моддасида судьялар мустақил эканлиги, фақат қонунга бўйсунишлари, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби муҳим нормалар мустаҳкамлаб қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, судьяларнинг мустақил ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда иш юритишларининг конституция даражасида кафолатланишини асосий сабабларидан бири - суд ҳокимиятига бошқа ҳеч қайси орган ваколатига тааллуқли бўлмаган ҳуқуқ - одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи берилганлиги билан изоҳланади. Зеро, мамлакатимиз ҳаётида, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишига эришишда одил судловнинг аҳамияти беқиёсдир. Одил судлов жамият ҳаётида, жамият аъзоларини ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришда, инсонларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда одил судлов ҳар қайси даврларда ҳам улуғланганлигини, қадрланганлигини ҳамда инсонлар унга интилиб яшаганликларини таъкидлаш ўринли бўлади. Хусусан, рим файласуфлари “Pereat mundus et fiat justicia”, яъни “майли дунё барбод бўлсин, лекин одил судлов қарор топсин” деб таъкидлаганликлари бежиз эмас (1). Рим файласуф-ларининг мазкур мумтоз шиорлари бир қарашда муболағадан иборат бўлса-да, лекин улар одил судловга шу қадар юқори баҳо берадилар.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида Конституцияда назарда тутилган судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши тамойилини амалга оширишга қаратилган қатор қонунларимиз қабул қилинди. 1994 йилда қабул қилинган Жиноят кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавоб-гарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларини, “Судлар тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорлари ва Ҳукумат қарорларини келтириш мумкин.

Бироқ мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда эди. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширишга қаратилган мутлақо янги босқични бошланишини ҳаётий заруратга айлантирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2016 йилнинг 21 октябрида эълон қилинган ПФ-4850-сонли “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишига доир конституциявий нормани амалда тўла-тўкис рўёбга чиқишига замин яратди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармон ҳамда ушбу Фармон билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожланти-ришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”да судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга оид қатор чора-тадбирлар назарда тутилди. Хусусан, судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддатини ва шундан сўнг муддатсиз даврини белгилаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси негизида суд ҳокимияти органи сифатида Судьялар олий кенгашини ташкил қилиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш механизмини, шу жумладан, унинг асосларини аниқлаштириш орқали такомиллаштириш ва суд раисларининг судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатишга оид ваколатини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий судига адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш соҳасидаги вазифа ва ваколатларини ўтказиш кабилар назарда тутилди (2).

Судлар мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишини таъминлашда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганидек, судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддатини ва сўнг муддатсиз даврининг белгиланиши муҳим аҳамият касб этади. Чунки судья лавозимида бўлишнинг ушбу тартиби судьядан зиммасига юклатилган вазифани наму-нали ва виждонан бажаришни талаб этиши билан бир қаторда лавозимига кейинги муддатга қайта сайланиши ёки тайинланиши, ўз вазифаларини намунали адо этгач, кейинчалик ўн йилга ва ҳатто муддатсиз даврга сайланиши ёки тайинланиши учун рағбатлантирувчи қоида ҳам ҳисобланади.

Судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини, яъни туман ва вилоят судлари судья лавозимларини 65 ёшгача, Конституциявий ва Олий суд судьялари лавозимларини – 70 ёшгача белгилаш судьяларнинг мустақил-лигини кафолатлаш билан бир қаторда мамлакатимизда профессионал судьялар корпусини шакллантиришга, суд тизимини етук, юқори малакали, одил судлов соҳасида катта тажрибага эга бўлган, мустақил фикрлайдиган, ҳалол ва бенуқсон обрў-эътиборли судьялар билан тўлдиришга, уларнинг бой тажрибаларидан кенг фойдаланишга ҳамда барқарор судьялар мактабининг яратилишига замин яратади. Қолаверса, суд ҳокимиятининг бошқа ҳокимият органлари таъсиридан ҳоли бўлишига хизмат қилади.

“Ҳаракатлар стратегияси”даги суд ҳокимиятининг чинакам мустақил-лигини таъминлашга қаратилган навбатдаги муҳим тадбирлардан бири – судьялар ҳамжамиятининг органи сифатида Судьялар олий кенгашини ташкил қилиш, кенгаш таркибининг камида ярмини судьялар ҳисобидан шакллантириш ва унга суд ҳокимиятиннг мустақиллигини таъминлашга доир бир қатор ваколатлар берилиши назарда тутилганидир. Жорий йилнинг 6 апрелида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунда ушбу тузилманинг фаолиятига оид масалалар тўлиқ ўз ифодасини топди. Мазкур Кенгаш конституциявий мақомга эга бўлди. Конституциянинг 111-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Респуб-ликасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши ўз ифодасини топди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, жамиятда суд органларининг нуфузини ошириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини ва фақат қонунларга асосланиб иш юритишини таъминлаш мамлакатимиз Конститу-цяиси ва шу асосда қабул қилинаётган қонунлар муҳим аҳамият касб этади. Зеро, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.

Мамасиддиқов М.М.,
ю.ф.д., профессор

(1) http://litlife.club/br/?b=263462&p=3

(2) “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” // “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2017 йил 13 февраль, 6-сон, 70-модда.

Қизиқарли маълумотлар
Гарчи Япония Конституциясининг 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий вос кечган бўлсада, бугунги кунда Япония ҳарбий ҳаражатлари бўйича дунёда 5-ўринда туради ($ 58, 97 млрд).