Экологик муносабатларнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари: миллий ва хорижий тажриба

Конституцияда Ўзбекистон экологик тараққиёт стратегиясининг асосий қоидалари, экологик ва аҳолининг экологик хавфсизлигига доир талаблар белгиланган бўлиб, ушбу сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимизда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича энг муҳим ва асосий қоидаларни белгилаб беради.

Маълумки, конституциявий нормаларнинг экологик сиёсатни амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёс. Айнан Асосий қонунда давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг экологик фаолиятини шакллантириш бўйича асосий принциплари мустаҳкамланади, фуқароларнинг экологик бурчлари белгиланади, жамиятнинг экологик барқарор ривожланишининг устувор йўналишлари ўрнатилади ва ҳ.к.

Конституциявий нормалар тизими жамият ва табиатнинг ўзаро алоқаси чоғида юзага келадиган ва тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар тавсифидан келиб чиқиб, шартли равишда икки қисмга – умумий ва махсус экологик нормаларга бўлиниши мумкин.

Умумий конституциявий нормалар демократик-ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини ташкил этишнинг асосий принципларини белгилашда, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашда, экологик ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда долзарб аҳамият касб этади.

Хусусан, Конституциямизнинг 10-боби инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларига бағишланган бўлиб, унда давлатнинг фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган (шу жумладан экологик) ҳуқуқларини кафолатлаши белгиланган.

Шунингдек, Асосий Қомусимизнинг бешинчи бўлимида давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг асосий қоидалари белгиланган бўлиб, ушбу нормалар экологик қонунчиликнинг шаклланиши ва шу соҳадаги давлат органларининг ташкил этилишида муҳим ҳуқуқий негиз бўлиб хизмат қилади.

Юқоридагилардан ташқари Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари ҳам белгиланган бўлиб, ушбу нормалар мазкур органларнинг экология соҳасидаги ваколатларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи миллий қонун ҳужжатларининг ривожланиши учун асос бўлади.

Умумий конституциявий нормаларнинг аҳамияти яна шу билан белгиланадики, биринчидан, уларда экологик муносабатлар тўғридан-тўғри тартибга солинмаган; иккинчидан, ушбу нормалар экологик қонунчиликнинг шаклланиши ва ривожланишида муҳим аҳамиятга бўлган асосий қоидаларни белгилаб беради.

Шу ўринда америкалик ҳуқуқшунослар мамлакат Конституциясини экология ҳуқуқи нормалари шаклланадиган ҳуқуқий тизим учун асос бўлиб хизмат қилувчи “билвосита манба” сифатида таърифлайдилар. АҚШнинг экологик қонунчиликни ишлаб чиқишда инобатга олиниши лозим бўлган барча умумий конституциявий нормаларини уч йирик гуруҳга ажратишимиз мумкин: 1) атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий тартибга солишни амалга ошириш бўйича Конгресс ваколатларини белгиловчи нормалар; 2) ушбу ваколатни чегараловчи нормалар; 3) атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ҳуқуқий тартибга солишга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фуқароларнинг ҳуқуқларига оид нормалар. АҚШ экологик қонунчилигида асосий ўринни конституциявий қоидаларни суд шарҳи эгаллайди ҳамда у экологик муносабатларни ҳар қандай соҳада қўллашни назарда тутади.

АҚШ Конституциясидан фарқли равишда мамлакатимиз Асосий қонунида ижтимоий-сиёсий тусдаги нормалар билан бир қаторда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга солувчи махсус экологик меъёрлар ҳам мавжуд. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг махсус экологик нормалари тизими қуйидагича: фуқароларнинг экологик бурчи (50-модда); мулкдан фойдаланишнинг экологик талаблари (54-модда); давлат экологик сиёсатини амалга ошириш принципларини белгилаб берувчи нормалар (55-модда); маҳаллий ҳокимият органларининг экология соҳасидаги ваколатлари (100-модда).

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасига мувофиқ, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар. Ушбу норманинг аҳамияти шу билан белгиланадики, унда биринчидан, фуқароларнинг экологик бурчи Конституция даражасида мустаҳкамланган; иккинчидан, атроф табиий муҳит тушунчасининг юридик мазмунидан келиб чиқиб, Конституциянинг ушбу нормаси нафақат фуқароларнинг табиатни муҳофаза қилиш, балки табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мажбуриятини ҳам назарда тутади.

Асосий Қонунимизнинг 54-моддасида белгиланишича, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

Ушбу норманинг ўзига хос хусусияти шундаки, унда мулк ҳуқуқи, хусусан табиий ресурсларга нисбатан мулк ҳуқуқи мазмунини белгиловчи мулкдор ваколатлари тартибга солинган ҳамда бундай хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти атроф табиий муҳитга зарар етказмаслиги каби талаб мустаҳкамланган.

Давлат экологик сиёсатининг асослари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ўз аксини топган. Унга кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир. Ушбу конституциявий норма давлат экологик фаолиятининг қуйидаги асосий принципларини ифодалайди:

Биринчидан, республика табиий ресурслари умуммиллий бойлик ҳисобланади, яъни юридик маънода улар халқ мулкини ташкил этади ҳамда улар номидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қонунда белгиланган ваколатлари доирасида иш юритади.

Иккинчидан, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш зарур. Экология ҳуқуқида оқилона деганда, табиий ресурслардан экологик норматив ва стандартларга қатъий риоя этган ҳолда фойдаланиш тушунилади.

Учинчидан, табиат объектлари ва ресурслари давлат томонидан қўриқланади. Бу давлат табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишни таъминлашини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг экологик ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек экологик ҳуқуқ-тартиботга риоя этилишини кафолатлашини англатади.

Конституциямизнинг 100-моддасида эса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг асосий ваколатлари саналган бўлиб, ушбу вакиллик органлари фаолиятининг устувор йўналиши сифатида ўз ҳудудида “атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш” бўйича ваколатлари мустаҳкамланган. Ушбу норманинг аҳамияти ва зарурияти қуйидагиларда намоён бўлади: биринчидан, у атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича асосий вазифаларни белгилаб беради; иккинчидан, барча даражадаги ҳокимларга ўз ҳудуди доирасида экологик қонунчиликка риоя этилиши борасида шахсан жавобгарлик маъсулиятини юклайди.

Бир қатор хорижий мамлакатлар конституцияларининг таҳлили уларда экологик-ҳуқуқий нормалар турлича тартибга солинганлигидан гувоҳлик беради. Хусусан:

1. Хорижий мамлакатлар конституцияларида давлатнинг табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш сингари мустақил функциялари мавжудлиги мустаҳкамланган (ГФР Конституциясининг 15-моддаси, Болгария Конституциясининг 31-моддаси ва б.қ.).

2. Табиий объектлар ва ресурсларга нисбатан давлатнинг мутлақ мулк ҳуқуқи белгилаб қўйилган (Венгрия Конституциясининг 8-моддаси, Руминия Конституциясининг 12-моддаси ва б.қ.).

3. Халқ хўжалигини ва табиатдан фойдаланишни ривожлантиришда халқ хўжалигини режалаштириш, хом-ашё ва ресурсларга бўлган эҳтиёжни инобатга олиш, уларнинг режали тақсимлаш ва улардан оқилона фойдаланиш каби нормалар мустаҳкамлаб қўйилган. (Венгрия Конституциясининг 7-моддаси ва ш.к.).

4. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини шакллантириш. Айни дамда таъкидлаш ўринлики, кўп ҳолларда фуқароларнинг қулай атроф табиий муҳитда яшаш ҳуқуқи айни дамда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш мажбурияти билан боғланади (ГФР Конституциясининг 34-моддаси ва ш.к.).

5. Табиатни муҳофаза қилишда жамоат бирлашмалари ва ҳаракатларнинг ўрни мустаҳкамланган (ГФР Конституцияси 29-моддаси, Руминия Конституцияси 24-моддаси ва б.қ.).

6. Давлатнинг мамлакат ва жамиятнинг табиатни муҳофаза қилиш бўйича ички ва ташқи сиёсатига оид принципларининг яхлитлиги (Венгрия Конституциясининг 20-моддаси ва ҳ.к.).

Шунингдек, Австрия, Албания, Болгария, Венгрия, Литва, Польша, Словакия, Словения, Хорватия, Чехия ва Эстония каби давлатларда фуқаролар ва давлатнинг экология соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ-равшан белгилаб берилган. Хусусан, Греция Конституцияси (1975 й.) 24-моддасида “Табиий ва маданий атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлатнинг мажбурияти ҳисобланади”, деб белгиланган. Австрияда эса, “Атроф муҳитни ҳар томонлама муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Федерал Конституциявий қонун (1920 й.) амал қилиши ушбу мамлакатнинг атроф муҳитни комплекс муҳофаза қилишга интилаётганлигидан далолат беради. ГФР Конституцияси 20а-моддасида ҳам давлат атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиши, бугунги авлод келажак авлод олдида маъсул эканлиги уқтирилган. Италияда ҳам атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича вазифа давлат зиммасига юкланган. Италия Конституцияси 9-моддасида (1947 й.) таъкидланишича, “Республика мамлакат табиатини муҳофаза қилади”. Ҳиндистонда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари давлатнинг атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва уни яхшилашга ҳаракат қилишга мажбур эканлигини ҳамда бу ҳар бир Ҳиндистон фуқаросидан талаб қилинишини белгилайди.

Турли мамлакатларнинг конституциявий-экологик нормаларининг қисқача таҳлили Конституцияда давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш, уларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда янада аниқлаштириш ҳамда қонунни қўллаш маданияти экологик барқарор ривожланишга имкон беришини яна бир карра тасдиқлайди. Худди шунингдек, қиёсий таҳлил кўрсатганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган асосий экологик-ҳуқуқий нормалар энг илғор хорижий давлатлар тажрибасига мос бўлиб, мамлакатимизда барқарор ривожланишни таъминлашга, атроф муҳит мусаффолигини сақлашга, табиатни ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти бўлим бошлиғи,
юфн.,доцент,Дж.Сафаров

Қизиқарли маълумотлар
Гарчи Япония Конституциясининг 9-моддасига биноан, Япония келажакда уруш олиб бориш ҳуқуқидан ҳамда қуруқлик, денгиз ва ҳаво ҳарбий кучлар тузиш ҳуқуқидан абадий вос кечган бўлсада, бугунги кунда Япония ҳарбий ҳаражатлари бўйича дунёда 5-ўринда туради ($ 58, 97 млрд).