Конституция устунлигини таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108-109-моддалари Конституциявий судга бағишланган.

Маълумки, Конституциявий суд инсоният тарихида инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини барпо этиш, Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда уни махсус муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилади.

Миллий ва хорижий экспертларнинг фикрича, конституциявий одил судлов – демократик давлатчиликнинг муҳим сифат белгисидир. Конституциявий одил судлов конституциявий назоратнинг олий шакли, замонавий демократик давлатнинг алоҳида талаби, зарурий институти бўлиб, Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимизда қонунийлик муҳитини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини яратишнинг ишончли гаровидир.

Шундан келиб чиқиб, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида конституциявий назоратни амалга оширувчи махсус орган – қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатларини Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўрадиган Конституциявий судни ташкил этиш ва фаолият юритиши назарда тутилди.

1995 йилда Конституциявий суд ва судьяларнинг ҳуқуқий ҳолати, конституциявий ишларни кўриб чиқиш асосларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасида Конституциявий суднинг фаолияти Конституцияни ҳимоя қилиш, унинг нормалари ва принципларини ҳамда унда қатъий мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган.

Конституциявий суднинг мавжудлиги Асосий қонуннинг махсус тарзда муҳофаза қилинишидан далолатдир.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга оид вазифалар, шунингдек давлат ҳокимияти тизимини изчиллик билан такомиллаштириш ва мазкур ҳокимиятни мунтазам ўзгараётган ижтимоий муносабатлар билан уйғунлашиб бориши Конституциявий суд фаолиятини ҳам такомиллаштиришни тақозо қилди.

Шу маънода жорий йилнинг 1 июнида матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)ги ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунлар Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини оширишга, мустақиллигини мустаҳкамлашга, ваколатларини кенгайтиришга, уни шакллантириш тартибини янада демократлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга қаратилгандир.

Мазкур қонунларнинг мазмун-моҳиятини таҳлил қилиш шуни кўрсатмоқдаки, улар аввалги нормалардан қуйидаги жиҳатлари билан фарқ қилади: энг аввало, олдинги қонун мажозий қилиб айтганда оддий қонун бўлган бўлса, янги қонун “Конституциявий қонун” мақомига эга бўлди. Албатта, Конституцияни маҳсус муҳофаза қилувчи орган фаолиятини тартибга соладиган қонун конституциявий бўлиши ҳар томонлама оқилона қарордир. Бу унинг фаолиятини турли эҳтимолий таъсирлардан муҳофаза қилишга кафолат бўлиб хизмат қилади. Юридик адабиётларда конституциявий қонун оддий қонундан устун туриши, Асосий қонунга яқинлиги ва унда қабул қилиниши алоҳида белгиланганлиги, баъзи давлатларда бундай қонун конституциянинг таркибий қисми мақомига эгалиги, қабул қилиниш тартиб-таомиллари конституцияга тузатиш киритиш тартиби билан ўхшашлиги, қабул қилиниш жараёни мураккаблиги, яъни оддий қонунларга кўпчилик овоз талаб қилинса, конституциявий қонунга учдан икки қисм овоз талаб қилиниши билан фарқланади. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, бу қонун қабул қилингунга қадар давлат ҳокимияти органларидан фақатгина Олий Мажлис палаталари тўғрисидаги қонунлар конституциявий мақомга эга эди.

Бундан ташқари “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонун ўз ҳажмига кўра аввалги қонундан 12 та модда кўпдир.

Иккинчи муҳим жиҳат, бу Конституциявий суд фаолиятининг асосий принципларида мужассам бўлиб, унда Конституциянинг устунлиги, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби янги принциплар ўз ифодасини топди ҳамда ҳар бир принципнинг мазмун-моҳияти алоҳида моддаларда очиб берилди.

Масалан, Конституциянинг устунлиги принципи сифатида Конституциявий суд ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлигини, қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига доир конституциявий принципнинг ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа нормаларининг рўёбга чиқарилишини таъминлашга даъват этилгандир – деб белгилаб қўйилди.

Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад - инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда”деган эдилар. Шу маънода қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига доир конституциявий принципнинг рўёбга чиқарилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани айниқса муҳим ҳисобланади.

Учинчи муҳим жиҳат, бу Конституциявий суд судьяларига нисбатан минимал ёш чегараси оширилганлиги ва юқори ёш чегарасини белгилаб қўйилганлиги, судьяларни сайланиши, қасамёд қилиши кабиларда намоён бўлади.

Жаҳон конституциявий судлари тарихидан маълумки, мазкур судларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни, давлат ҳокимияти тизимида мувозанатни таъминлашдаги роли, амалга оширадиган ваколатларининг сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятидан келиб чиқиб, унинг аъзоларига бошқа судлар судьяларига нисбатан ёш ва малака талаблари юқори қўйилади.

Шу маънода 30 ёшдан 35 ёшга ёш цензини ўзгартиришнинг аҳамияти шундаки, мутахассисларнинг таъкидлашича 35 ёшдан бошлаб инсон организми шахснинг жисмоний ва маънавий имкониятлари муаяйн ҳажм ва сифатдаги ишларни амалга оширишга имкон беради.

Худди шу каби судьяларга лавозимда бўлишнинг юқори ёшини белгилашда одатда шахснинг жисмоний ва маънавий имкониятлари муаяйн даражада чекланишига сабаб бўлиши мумкин давр олиниб, ёш ўтиши билан меҳнатга қобилиятлилик даражаси пасайиб бориши асос қилиб келтирилади. Албатта, дунёнинг турли давлатларида бу турлича қайд қилинган. Европа Кенгашининг Венеция комиссияси маълумотларига кўра, Арманистон, Австрия, Бельгия, Босния ва Герцеговина, Дания, Венгрия, Исландия, Ирландия, Латвия, Латвия, Норвегия, Россия, Украина каби мамлакатларда Конституциявий суд судьяларининг (ёки конституциявий судлов вазифасини бажарадиган орган аъзосининг) лавозимда бўлишнинг энг юқори ёши 70 этиб белгиланган. Ўзбекистон ушбу энг кенг тарқалган ёш бўйича тажрибани ўзига асос қилиб олди.Таққослаш учун келтирадиган бўлсак, Мальта, Туркияда 65, Финляндия, Швецияда 67, Германия, Швейцарияда 68, Аргентина ва Канадада 75 ёш этиб белгиланган. Айни вақтда қайд этиш жоизки, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси экспертлари айнан 70 ёшни кўп давлатлар амалий тажрибасида ўзини оқлаган, конституциявий судлар судьяларининг лавозимда бўлишининг энг юқори ёши сифатида баҳолаган. Мамлакатимизда Олий суднинг судьялари учун ҳам судьялик лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши етмиш ёшни ташкил этади.

Шу билан биргаликда қонунда айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Бу хорижий тажрибада кўп учрайдиган ҳолат бўлиб, бошқа суд судьяларига нисбатан конституциявий суд судьяларининг қайта сайланмаслиги ёки бир мартадан ортиқ қайта сайланмаслиги бир қатор ривожланган демократик давлатлар қонунчилигида мустаҳкамланган.

Ўзгаришлардан яна бири бу – Конституциявий суд судьяларининг сайланиши билан боғлиқ бўлиб, агар аввал судьялар Президентнинг тақдимига биноан Сенат томонидан суд раиси, раис ўринбосари ва Конституциявий суднинг аъзоларидан иборат таркибда сайланган бўлсалар, эндиликда Конституциявий суд Президентнинг тақдимига биноан Сенат томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан сайланади.

Бунда муҳим жиҳатлардан бири бу - Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланиши тартиби белгиланганидадир, яъни эндиликда Конституциявий суднинг раиси ва унинг ўринбосари Сенат томонидан сайланмайди. Раис ва унинг ўринбосарини судьяларни ўзи ичларидан сайлашлари янада демократик табиат касб этади. Бундай ҳолат халқаро стандартларда юксак эътироф этилади. Ўз тажрибасида бундай тартибни жорий этган давлатлар қаторига Европа Кенгашининг Венеция комиссияси маълумотларига кўра Албания, Аргентина, Бельгия, Болгария, Хорватия, Дания, Грузия, Венгрия, Исландия, Италия, Латвия, Португалия, Руминия, Россия, Словения, Македония, Туркия, Украинани мисол қилиб келтириш мумкин.

Агар аввал Конституциявий суднинг судьяларини Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилдиради – деб белгиланган бўлса, эндиликда қасамёд Конституциявий суднинг судьяси томонидан Сенатнинг мазкур судья сайланган мажлисида қилинади – деб мустаҳкамланди. Бу ҳам мантиқий аҳамиятга эга бўлиб, биринчидан, қайси орган сайласа, шу органда амалга оширилади, иккинчидан, вақт нуқтаи назаридан оқилона ечим бўлиб, сайланган мажлисида қасамёд қилиши ҳисобланади. Чунки аввалги таҳрирда давлат бошлиғи қачон судьяларни қасамёд қилдириши аниқ белгилаб қўйилмаган эди.

Шунингдек, агар аввал Конституциявий суд судьясига Ўзбекистон Республикаси Президенти тасдиқлайдиган намунадаги гувоҳнома берилади – деган қоидалар белгиланган бўлса, эндиликда уни имзоловчи мансабдор шахс аниқлаштирилиб, Конституциявий суд судьясига Сенатнинг Раиси томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади – деб мустаҳкамланди. Бунда ҳам ўзига хос мантиқ бўлиб, мазкур судьялар юқори палатада сайланишлари, қасамёд қилишлари билан узвий боғлиқ.

Аввалги қонунда Конституциявий суд раисининг ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилмаган эди. Янги қонунда алоҳида моддада раиснинг ваколатлари қайд этилди. Бунда алоҳида таъкидлаш жоизки, раис ваколатлари “primus inter pares”, яъни тенглар ичида биринчи тусида берилган бўлиб, бошқа судьялардан раиснинг устунлик томони мавжуд эмас. Фақатгина овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Тўртинчи муҳим жиҳат бу ваколатларда акс этган бўлиб, Асосий қомусимизнинг 109-моддасига Конституциявий суднинг Президент қарорлари ва фармойишларини (аввал фақат фармон назарда тутилган эди) Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек, ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш каби янги ваколатлари киритилди.

Қарор ва фармойишларнинг конституциявий назорат объектига киришига 2012 йил янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда фармонлар қаторида қарор ва фармойишлар ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиши белгиланганлиги сабаб бўлди.

Жаҳон конституциявий судлари ўз амалиётларида “ex-ante”, яъни ҳужжат имзоланмасидан аввалги дастлабки ва “ex-post”, яъни ҳужжат кучга кирганидан кейинги назоратни амалга оширадилар. Ўзбекистонда Конституциявий суд “ex-post”, яъни ҳужжат кучга кирганидан кейинги назоратни амалга ошириб келаётган эди.

Шу маънода Қонун билан кирган жуда катта қўшимча бу – мамлакатимиз Конституциявий суди эндиликда конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзоланмасидан аввал дастлабки назорат ўрнатиш ваколатига эга бўлгани ҳисобланади. Бу жаҳондаги жуда кўплаб конституциявий судлар тажрибасида (Франция, Польша, Португалия, Руминия, Хорватия, Беларусь) ҳали имзоланмаган, кучга кирмаган ҳужжатлар устидан қўлланиладиган “ex-ante”, яъни дастлабки назоратни мамлакатимиз Конституциявий суди амалиётига татбиқ этилганлигидан далолатдир. Европа Кенгашининг Венеция комиссияси давлатларга бундай амалиётни тавсия қилиб, у Конституцияга номувофиқликни олдини олиш имконини беришини қайд этади.

Маълумки, умумий юрисдикция судлари амалиётида муайян ишни кўриб чиқиш жараёнида мазкур муносабатга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг конституциявийлигига шубҳа туғилиши мумкин. Шунинг учун ҳам жаҳоннинг бир қатор давлатларида умумий юрисдикция судларининг бундай ҳолатларда Конституциявий судга мурожаат қилиш ваколатлари мустаҳкамланган. Мамлакатимизда Олий суд фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи бўлиб, қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга ҳамда Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасига киради. Шундан келиб чиқиб, умумий юрисдикция судларида бундай эҳтиёж туғилганида Олий суд орқали Конституциявий судга мурожаат қилиш имконияти қонунан мустаҳкамланди.

Маълумки, Конституциямизнинг 10-моддасига асосан Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Асосий қонунимизнинг 76-моддасига асосан Олий Мажлис олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. 93-моддага асосан эса Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир.

Конституциявий суд эса 108-моддага асосан қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятларнинг ҳужжатлари Конституцияга қанчалик мослигига доир ишларни кўради, яъни ҳар икки орган ваколатлари ўртасида ҳамкорлик учун ўзаро туташ ваколатлар мавжуддир. Шунинг учун айрим давлатларда (Россия, Беларусь) Конституциявий суд томонидан ҳар йили “мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида” ахборот тайёрлаш ва уни парламент ва Президентга тақдим этиш қонунан белгилаб қўйилган. Бундай ахборотларда мамлакатдаги конституциявийликни ҳолати, муаммолар ҳамда суд уларни ечимини топиш учун таклиф қилган йўллар ўз ифодасини топиб, хорижий мамлакатларда бундай ахборот парламент ва давлат бошлиғи томонидан тегишли қарорларни қабул қилишда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Шу маънода Конституциявий судга ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш ваколатининг киритилиши ҳар томонлама тўғри бўлди.

Мазкур ахборот Олий Мажлисга қонунларни сифатини оширишда ҳамда уларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга оширишда, давлат бошлиғига эса кафиллик функциясини бажаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бешинчи муҳим жиҳат бу Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасига ўзгартириш киритилиб, эндиликда Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳам бундай ҳуқуққа эга бўлганлигидадир.

Олий Мажлис палаталари коллегиал орган эканлиги ҳамда палаталар масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъект сифатида қайд этилганлиги, бундан ташқари Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари ҳам муайян миқдордаги (камида тўртдан бир қисми) депутатлар гуруҳи, сенаторлар гуруҳи билан масала киритиш ҳуқуқига эга эканликларини ҳисобга олиб Қонунчилик палатасининг Спикери, Сенатнинг Раиси масала киритувчи субъектлар қаторидан чиқарилди. Агар аввал Олий суд раиси масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, мазкур органнинг коллегиал идора эканлигидан келиб чиқиб, эндиликда Олий суд бундай ҳуқуққа эга эканлиги белгилаб қўйилди.

Ҳукумат ва Омбудсманнинг бундай ҳуқуққа эга бўлиши уларнинг фаолият доираси билан бевосита боғлиқ бўлиб, дунёнинг аксар давлатларида мазкур органлар бундай имкониятга эга. Айниқса, Омбудсман ҳар йили фуқароларнинг минглаб шикоятларини кўриб чиқиши жараёнида давлат органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Конституция ва қонунлар нормаларига шарҳ берилишига эҳтиёж туғилади. Агар Конституциявий суднинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига доир конституциявий принципнинг рўёбга чиқарилишини таъминлашга даъват этилганлиги билан Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатини ўзаро уйғунликда кўрадиган бўлсак, мазкур киритилган ваколатни мажозий қилиб “узукка кўз қўйгандек” деб баҳолашимиз мумкин.

Олтинчи муҳим жиҳат, бу Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш Давлат бюджетида алоҳида сатрда назарда тутилиши белгиланганлигидадир. Бу ҳам Конституциявий суднинг давлат ҳокимияти тизимида тутган ўрнидан далолат қилиб, суднинг молиявий мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунда юқоридагилардан ташқари Конституциявий суд судьясининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш асослари “Судлар тўғрисида”ги Қонундаги умумий юрисдикция судлари судьяларининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш асослари билан бирхиллаштирилди, Конституциявий суд девони, Конституциявий суд ҳузурида тузиладиган илмий-маслаҳат кенгаши ҳуқуқий мақоми, Конституциявий суднинг қарорлари, хулосалари ва бошқа ҳужжатлари мазкур суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Конституциявий суднинг ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манбага кириши, Конституциявий суд судьялари кийим-бошининг тавсифи ва намунаси Сенат томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда қабул қилинган қонунлар Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини оширишга, мустақиллигини мустаҳкамлашга, ваколатларини кенгайтиришга, уни шакллантириш тартибини янада демократлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, мазкур суднинг конституциявий тузум асосларини, инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конституциянинг устунлигини таъминлашга оид фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишига имкон яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари
мониторинги институти бўлим бошлиғи,
ю.ф.д., доцент, М.Миракулов

Қизиқарли маълумотлар
АҚШ Конституцияси дунёдаги энг кичик ва энг ўзгармас Конституция ҳисобланади.